ВЕТЕРИНАРИЯ, КЕЧА ВА БУГУН
(Ветеринария тарихидан)
1901 йил 8 февралда Туркистон ўлкасида 21 та биринчи ветеринария пунктлари ташкил этилган.
Пунктлар иш ҳаракатларини бирлаштириб йўналтириш учун Туркистон ўлкаси фуқаровий маҳкамасининг ветеринария бўлими Бошқарувчиси лавозими таъсис этилган.
Ветеринария ишига раҳбарлик Туркистон ҳарбий округи ҳарбий медицина Бошқармасининг ветеринария бўлимида амалга оширилган.
Бундан ташқари, ветеринария-санитария ишларини олиб бориш лойиҳаларини ишлаб чиқарувчи ветеринария-полиция Бошқармаси Ички Ишлар вазирлиги қошида фаолият кўрсатган.
Туркистон ўлкасида ветеринария бўлимини тузиш ўлка ҳудудларига кириб келадиган турли хил касалликлардан сақланиш, ўлкада эпизоотик касалликларни тугатиш ҳамда маҳаллий чорвачиликни кўтариш мақсадлари кўзланган.
Ветеринария врачлик пунктлари бир нафар врач, икки нафар фелдьшердан иборат ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси марказий архивидан топилган маълумотларда
“Туркистон ўлкасида 30 йиллик тажриба шуни кўрсатадики, озиқлантиришдаги қийинчиликлар туфайли чорва молларининг камайиб бориши кузатилсада, ўлкада бошқа кенг тарқалган хавфли касалликлар қайд этилмади. Албатта, айрим ҳолларда ўлат, куйдирги, манқа, бош шамоллаши чорва молларида учратилган, лекин кенг қамровли қирилиш ҳолати жиддий тарзда кузатилмаган”
деб қайд этилиши, кўп йиллик тажрибага эга бўлган маҳаллий чорвадор аҳоли чорвада учрайдиган турли касалликларга қарши моҳирона кураша олганлигидан далолат беради.
Умуман олганда ўлкамизда етишиб чиққан маҳаллий мутахассис кадрлар томонидан қадимдан то XX аср биринчи ярмигача бўлган даврда халқ табобати ветеринария хизматини назарий, илмий-амалий жиҳатдан бойитиб, ҳозирги замон цивилизацияси талаблари даражасига, Шарқ табобати таълим тизими Европача ветеринария таълими тизими билан уйғунлашган холда яхлит ветеринария илму-фани даражасига кўтарилиб, олий ва ўрта махсус билим масканлари яратилди.
Шу тариқа ҳалқ табобати ветеринария хизмати Ўзбекистонда узоқ даврдан шаклланиб, ривожланиб, яхлит ветеринария соҳасига айланди.
Мустақиллик шарофати билан унинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, ветеринария соҳасини ривожлантириш янги босқичга кўтарилди.
ДАВОМИ БОР ⏭️
👇каналга уланиш👇👇
@VeterinariansUzbekistan
〰️〰️〰️〰️〰️〰️🔗〰️