“Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” – ноёб ҳамкорлик платформаси
“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” формати – ноёб ҳамкорлик платформаси бўлиб, ўлчам ва институционал қамров жиҳатидан унга ўхшаши мавжуд эмас. 27 давлатни, жумладан “Катта еттилик”ка аъзо учта мамлакатни (Германия, Франция ва Италия) бирлаштирган Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан минтақалараро даражада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйган энг йирик интеграцион тузилма ҳисобланади.
Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик иқтисодиёт ва инвестициядан тортиб барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва рақамли трансформациягача бўлган соҳаларнинг кенг мажмуасини қамраб олади ҳамда узоқ муддатли стратегик устувор йўналишларга асосланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган саммит ҳақиқатан ҳам тарихий аҳамият касб этиб, биринчи марта Марказий Осиёнинг бешта мамлакати ва Европа Иттифоқи етакчилари бир жойда тўпланади. Ушбу саммит Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда янги саҳифа бўлади.
Минтақалараро ҳамкорлик, айниқса, иқтисодиёт, савдо, энергетика ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш саммит кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бўлиши кўзда тутилган.
Айниқса, Самарқанд декларациясининг имзоланиши саммитнинг асосий натижаларидан бири бўлади. Бу ҳужжат нафaқат эришилган келишувларни мустаҳкамлайди, балки минтақаларимиз ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш учун асос яратади.
Мамлакатимиз инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, инновациялар ва рақамли ечимларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ келишувларга эришиш ҳам мақсад қилинган.
@a_xaitov