Азизим Милена хоним,
Дарҳол айтаман – сиз иродамга қарши чиқиб хатимдаги бир ҳолатни назардан қочиряпсиз: мана, тахминан икки ҳафтадан бери мени кучли уйқусизлик безовта қиляпти, умуман олганда бундан фожиа ясамоқчи эмасман, бундай паллалар келади-кетади, албатта доимо сабаби бор, керак ҳам – бу сабаблар гарчи кўзга ташланмасада, бироқ буларнинг бари одамни ўрмон жонивори каби безовта қилади.
Шунга қарамай, бир қувончли хабарим бор. Бир сокин ухлардингиз – гарчи кеча ўзингизда бўлмаган эсангизда – тинч ухлардингиз. Агар тунда уйқум қочса мен унга борадиган йўлни биламан – шикоят ҳам қилмайман. Ҳа норози бўлиш аҳмоқлик бўларди: ахир барча нарсалар ичида туш – энг бегуноҳи, туш кўрмайдиган одам эса энг гуноҳкоридир.
Шундай қилиб, тунлари бедор бўлган шу инсонга юборган охирги хатингизда миннатдорчилик изҳор этилибди. Агар бу хатни четдан кимдир ўқиганида, албатта ҳайрон бўлиб: «Қандай одам экан-а! Тоғларни ҳам қўпоришга шай, чоғи», дер эди. Ҳолбуки, ўша одам амалда ҳеч нарса қилмаган — ҳатто бармоғини ҳам қимирлатмаган (қалам қитирлатишдан бошқа), сут ва бирор егулик бўлса бас — ўша билан кун кечирган, баъзан, аксар ҳолларда десаям бўлади: чой билан олмага қаноат қилган, холос. Қолганини эса тақдир ихтиёрига ҳавола этган — ҳамма ўз йўлидан борсин, тоғлар эса ўз жойида қолаверсин.
Сиз Достоевскийнинг илк муваффақият тарихи билан танишмисиз? Бу ҳикоя ўз ичига жуда кўп маъноларни олади, мен уни фақат машҳур исм-шариф туфайли эсламоқдаман — аслида исталган қўшни уйда, ҳатто ундан ҳам яқинроқда содир бўлган ҳар қандай воқеа ҳам айнан шундай маънога эга бўлган бўларди. Ростини айтсам, у ҳикояни ҳам, ундаги исм-шарифларни ҳам фақат тахминангина эслайман. Достоевский ўшанда ўзининг биринчи романи — “Камбағаллар”ни ёзарди. У ижодкор Григорьев билан бирга яшар, дўсти ойлаб унинг иш столида ётган қоғозларга кўзи тушиб юрса-да, қўлёзмани фақат роман тугал бўлганидан кейингина ўқиш имконига эга бўлди. Ўқиди ва лол қолди. Ҳеч нарса демасдан, қўлёзмани ўша пайтда машҳур бўлган танқидчи Некрасовга олиб борди. Тунда, соат учларда Достоевский эшигини қоқишади. Григорьев ва Некрасов ҳайрат билан кириб келишади, Достоевскийни бағрига босиб, сўзсиз юзидан ўпишади. Некрасов (илк марта кўришиб туришганди) уни Россиянинг умиди деб атайди. Улар соатлаб асосан роман ҳақида гаплашишади, фақат тонготар пайтдагина хайрлашишади. Бу кеча Достоевскийнинг ҳаётидаги энг бахтли кеча бўлди. У дераза ёнига бориб, иккиси кетиб бораётган томонга қарайди, ўзига келолмай, кўз ёш тўкади. Унинг қалбини чўмдирган ҳиссиёт тахминан шундай эди:
«Нақадар олийжаноб инсонлар! Қандай меҳрибон, қандай юксак! Мен эса шунчалик паст одамман… Агар улар қалбимга назар ташлашса, ишонмас эдилар. Мен ҳақиқатан ҳам бундай яхшиликка муносиб эмасман.»
Кейинчалик Достоевский уларга бутунлай эргашишга қарор қилган, бу эса, менимча, ўзгача бир завқ, яъни чексиз ёшликнинг сўнгги сўзи эди. Ҳикоям шу ерда тугайди.
Сиз, азизим Милена, бу воқеа ортидаги ақлга сиғмас сирни ҳис қила оласизми? Менимча, гап шундаки, Григорьев ҳам, Некрасов ҳам Достоевскийдан зиёда олийжаноб бўлишмаган — умумий мантиқий таҳлилда, албатта. Аммо бир дамга булардан воз кечинг, умумий қарашдан чиқинг. Ўша кеча Достоевскийга ҳам бундай қараш керак эмас эди. Буларнинг барчаси фақат ҳис этишда. Агар сиз унинг ҳиссига қулоқ тутсангиз, у ҳолда Григорьев ва Некрасов чиндан ҳам улуғвор, Достоевский эса шунчалик паст, шунчалик ерпарчинки, у бундай инсонларга ҳар қанча ҳаракат қилмасин ета олмасди. Улар қилган яхшилик ёзувчи учун шунчалик беқиёс эдики, миннатдорчилик билан эмас, ҳатто бутун умр билан ҳам тўлаб бўлмасди.
Мен уларни тасаввур қиляпман — дераза орқали, узоқлашиб кетаётган ҳолда. Улар кетишмоқда ва шундай қилиб, ўзларининг етиб бўлмас даражада эканликларини яна бир бор исботламоқдалар. Аммо вақт ўтиб бу иккисининг номи Достоевскийнинг улуғвор исми ортида бироз хиралашади. Уйқусиз кечам мени қаёқларга олиб келди? Билмадим… Аммо шуниси аниқки, фақат ва фақат эзгу ният ва тилаклар билангина тирикман.
Сизнинг Франц К.
"Миленага мактублар" китобидан.
Нодирабегим таржимаси