***
Наргиз чеҳра оромижон, кўзларингни яширма,
Сенга жоним бўлсин қурбон, кўзларингни яширма.
Тортинмасдан бергил жавоб, кўзларингни яширма,
Соф севгингни тутиб пинҳон, кўзларингни яширма.
Пайваста қош, киприги ўқ, сен моҳитоб жанона,
Ҳар соҳада, малоҳатда ўзингмишсан ягона.
Сенга ногоҳ кўзим тушса, малаксиймо маржона,
Қалбим сири бўлгай ошкор, кўзларингни яширма.
Ижозат бер, сенинг билан бирликда сурай даврон,
Ҳар боқишинг дилга ором, кўзларингни яширма,
Сизга атаб ғазал ёзсам, мисралар келди равон,
Суришайлик бирга даврон, кўзларингни яширма.
БИР КЕЛУБ КЕТСУН
Сабо арзимни еткур, моҳитобон бир келуб кетсун,
Тамоми ҳусн элининг шоҳи-султон, бир келуб кетсун.
Тутарга бир дами суҳбат асиру нотовон бирлан,
Дариғ тутмай нигорим бўлса имкон, бир келуб кетсун.
Неча кундан бери кўрсатмайин васлин соғинтурди,
Тараҳҳум айласун ул шўхи жонон, бир келуб кетсун…
Қафас ичра всирам андалибдек доғи ҳажридан,
Агар бир марҳамат қилса гулистон, бир келуб кетсун.
Ва ё қилмоқ эса қурбон бу зулму кори боридан,
Олиб қўлига ханжар марди майдон, бир келуб кетсун.
Фироқи фирқатидан етди бошим бистари ғамга,
Кўрарга ул ҳакими кобилистон бир келуб кетсун.
Кетуб тандан мадорим, гул юзим чун заъфарон ўлди,
Дилимни қуввати, дардимга дармон, бир келуб кетсун.
Агарчи мандан ўтган бўлса ҳар саҳву хато дилдор,
Кечурсин, товба қилдим, юз пушаймон бир келуб кетсун.
Ниҳонийга неча аҳду вафолар боғлаган эрди,
Дегил кўп қилмасун аҳдини ёлғон бир келуб кетсун.
Ҳамза ҲАКИМЗОДА НИЁЗИЙ