Ким билди, ким билмади ўзбек адабиётида "Маҳбуба" отли олтин ҳикоя пайдо бўлганига ҳам икки йил бўляпти. Бу ҳикоя қуёшдай чарақлаб ёки ойдай ярақлаб бир ўзи саҳнага чиққани йўқ. У Олтин Қозиқ бўлиб катта-кичик юлдузлар билан "Ишонч телефони" қиссаси орқали кириб келди адабиётга. Муаллифи эса тирик классигимиз Хайриддин Султон.
"Олтин Қозиққа боқиб сайёҳ ҳам йўл топаркан", деб ёзган Шодмонқул Салом. Худди шундай, бутун бошли "Ишонч телефони" қиссасининг марказида шу ҳикоя тургандай. Балки шу ҳикоя учун бутун бошли қисса иншо қилингандир.
Яна бир томони бу ҳикоя мени адибнинг энг мумтоз асари бўлган "Кўнгил озодадур" қиссасига бошлаётгандай, қисса ва ҳикоя ўртасида қирқ йилга чўзилган ришта бордай.
Тўғриси, Хайриддин Султон "Кўнгил озодадур"даги каби тоза туйғулар ифодасини ҳаётнинг шафқатсиз бўронлари ичра яна топа билишига ишонмагандим. Гарчи ёши катта китобхонлар назарида "Ёзнинг ёлғиз ёдгори" қиссаси мукаммалроқ саналса-да, "Кўнгил озодадур..." каби озурда кўнгилларга яқин ва малҳам асарни ҳатто адибнинг ўзи ҳам ёзиши имконсиздай...эди. Токи "Маҳбуба" ёзилмагунча.
Бундай қаралса, икки ижод маҳсулининг сюжетида ҳам, маъносида ҳам ўхшашлик кўринмайди. Аммо иккиси учун умумий бўлган бир жиҳат бор: ахлоқ масаласи.
Ғулом (К.О) ва Жўрабек (М.) жисмоний жиҳатдан бир-бирига тескари. Ўй-хаёллари ҳам. Лекин уларни гўзал хулқ ҳамда атрофдаги одамлар ва оламни гўзал хулққа тўлдириш истаги бирлаштириб туради. Қизларга муносабатда ҳам улар бир хил йўл тутади: ор-номус чизиғидан чиқмайди. Жўрабек дадилроқ, албатта. Чунки Маҳбуба ундан бир қиз бир йигитдан кўриши мумкин бўлган барча соғлом муносабатларни кўрганди. Қундузда эса вазият бошқача. У Ғуломдаги серўйлик, босиқлик, кучли одобга тоқат қилса ҳам журъатсизлиги ва қатъиятсизлигига чидолмайди ёки Ғуломнинг журъати ва қатъияти унга кифоя қилмайди. Ахир, пахтазордаги сўнгги учрашувда Қундуз бежиз Ғуломга алам билан "Нега олдинроқ урмадингиз, Ғулом ака!", деб нола қилмаганди.
Умуман, иккала йигитнинг ҳам қайлиқларига бўлган қарашларида шаҳвонийлик, енгилтаклик йўқ эди. Аксинча, масъулият, раҳмдиллик ва эътибор устун эди.
Аммо бу билан йигитлар ҳақида ноўрин хаёлга ҳам бориш ярамайди. Иккиси ҳам соғлом, йигитлик қони жўш урган, азаматлар эди. Фақат бири илм билан, бири спорт билан ўзларини тарбиялаб бораётган эди.
Ғулом ўз даври одамлари ахлоқсизлигини кузатади ва фикр юритади. Унинг мулоҳазалари ўқувчига дидактик кайфият бағишлайди. Жўрабек қиёфаси эса Маҳбуба орқали ҳикоя қилинади ва ўқувчи кўз олдида идеал инсонга яқин образ гавдаланади. Афсуски, иккала қаҳрамон ҳам якунда вафот этади.
Бу жиҳатдан Хайриддин Султон Чингиз Айтматовга яқин келади, баъзи ўринларда тенглашиб ҳам олади. Жамилани бир умрга йўқотган Сеит, Асални бой берган Илёс, турналарга термилганча бўри қаршисида қотган бола, Мўмин чолнинг маънавий қиёфасидан жудо бўлган бола, Акбара, Гулсари, Жаабарс ва ҳоказо. Агар булар висол билан бахтли бўлганда асар қалбимизда қолармиди.
Балки шунинг учундир Стендалнинг Жьюлени Фабрициосидан кўра машҳур ва манзур.
Гап ҳам чўзилиб кетди. Тавсиям "Маҳбуба"ни ўқинг. Нари борса ўн дақиқа кетади. Хайриддин Султон Ханс Кристиан Анедрсенга "Ёруғ ғусса билан йўғрилган сирли қиссалар ижодкори" деб таъриф берилади. Аслида бу гап Хайриддин Султон ижодига ҳам мос тушади.
Ҳикоя:
https://t.me/Yoshlar_Kundaligi_Rasmiy/18585