ДЕНГИЗ
Ўзбек заминидан қўзғалган учоқ,
Корея ўлкаси томон учади.
Олисдан келади меҳр – бир қучоқ,
Дўстларим узоқдан маҳкам қучади.
Самодан қарайман: учта гўзал қиз
Кореянинг белин турибди қучиб.
Шарқий, Ғарбий ҳамда Жанубий денгиз...
Парига менгзабман хаёлим учиб.
Йўқ, улар паримас, мўъжиза асли,
Юртни қўриётган учта паҳлавон.
Бунда давом этар корейслар насли,
Бунда яшар эллик икки миллион жон.
Бу юртга юқтирган Худо афтидан,
Яшил замин ҳақда бўлмас гап адо.
Жанубий денгизнинг шундоқ кафтидан
Худди ўсиб чиққан мўъжаз Кападо.
Бунда табиат ва жонзодлар бирга,
Яшар одамизод ҳимоясида.
Уч олам, уч дунё кўмилган сирга,
Дам олар бир-бирин, ҳа, соясида.
Бунда кесилмагай бирорта дарахт,
Ҳатто узилмагай битта ҳам гиёҳ.
Буни кўриб ақлим бўлади карахт,
Барисин ёзгунча тугайди сиёҳ.
Ўзбек ва корейс – иккиси бир халқ!
Фақат икки тилда гаплашувчи эл.
Бугуни ҳур, озод; тарихи кўп талх!
Самимий, меҳмондўст, содда ва кенгфеъл.
Денгиз яна ақлим қочади олиб,
Шамоли тўзғитар узун ўйларим.
Бир савол дастидан кетаман толиб,
Калта бўлиб қолар новча бўйларим.
Дунё харитасин оламан қўлга,
Ватаним денгизи кўринмас кўзга.
Қарайман уммонга элгувчи йўлга,
Денгиз берилмаган афсуски бизга.
Қоғозни ўқийман қайта ва қайта,
“Ўзбекистон”, деган сўз кўзим олар.
Чарчамам бу сўзни, ҳа, айта-айта,
“Ўзбек”, деган калом бўғзимда қолар.
Ўттиз саккиз миллион халқ кичкинамас,
Ўттиз саккиз миллион юрак дегани.
Бу элга қанчаси келолмайди бас,
Фақат дўст бўлади яқин келгани.
Оққан дарёларим такрор оқади,
Томирларда қонлар кўпирар, жўшиб.
Бугун бахт ҳам бизга кулиб боқади,
Халқ буюк ўзанга боряпти тушиб.
Ахир дунёмизни У қилган нозил,
Бизга аталган юрт чинданам тенгсиз.
“Денгизимиз йўқ!” деб қайғурма, Фозил,
Қоракўз миллатим – энг катта денгиз!
2025 йил 22 апрел, соат 02:11
Корея Республикаси Кападо ороли
Фозил Фарҳод
👉
https://t.me/fozilfarhod 👈