Юрган йўлим ҳикоя: Муҳаммад Бадра
Кўпинча кўрган-кечирганларим, эшитганларимни ўз вақтида қоғозга туширмаганим учун хотирамдан ё ўчади, ё илк таассуротларим сўниб, бошқаларга буни қизиғи йўқдек, қиймати йўқолади. Ва энг катта хатони қиламан – ёзишга эринаман.
Бу сафар эсдан чиқмасдан аввал #Париж_ҳикоялари туркумини қилмоқчиман.
Елисей саройининг ҳовлиси. Кечки оқшом. Жуда шамол, совуқ. Медиа учун кўк лента билан ажратилган бурчакда турибмиз. Бу ерда 3 қаватли ёғоч зина қурилган. Операторлар, фотографлар бир-бирига халақит бермаслик ва турли баландликда ракурс олиш учун қулайлик бу. Лекин ҳамма пастга тушиб, энг қулай спотни эгаллашга уринади. Майда қорга ўхшаш нимадир ёғяпти, яхлаб қоляпмиз.
Елисей ҳовлисига Франциянинг машҳур тадбиркорлари, таниқли санъаткор, ижодкорларининг машиналари бирин-кетин тўхтади, меҳмонлар саройга кира бошлашди.
Француз фотографлари меҳмонларни биздан кўра яхши танишади ва уларни исми билан чақириб, ўзлари томонга қарашга ундашади.
- Мсье Бернар Арно!
- Мсье Родольф Саад!
- Мадам Озуле!
Меҳмонлар уларга илтифот билан қараб, расмга тушиб қизил йўлакдан ўтишяпти. Дунёнинг энг бой, халқаро таъсири катта одамларнинг қайноққина, янги суратлари хорижий нашрларда яхши сотилади. Шунинг учун ҳам лаҳзани ушлаб қолиш муҳим.
Фотографлар олаётган суратларини дарров қайсидир платформага жойлаётганларини кўриниб турганди. Ўзимизнинг фотографлардан бири айтиб қолди:
- Азиза, сўрангчи, шу ҳозирги расмларини қайси сайтдан кўрса бўлади?
Қалпоғини бостириб кийган ёшроқ фотографни кўрсатди. Жуда очиқ, самимий йигит экан, https://epaimages.com/ сайтини телефонимдан очиб, Elysee деб қидириб, ўзи олган суратларни топиб берди.
Суратлар остида фотограф исми турарди. 3-4 дақиқали суҳбатимиз шундан бошланди.
- О, исмингиз демак, Муҳаммад Бадра. Арабмисиз, французга ўхшайсизку.
- Ҳа, шундай. Асли Сурияликман. Сиз фотографмисиз?
- Йўқ, журналистман. Тв репортёр. Доим баҳорда шундай совуқ бўладими? Қандай ишлайсизлар?
- Бунчалик совуқ бўлмасди. Глобал иссиқлик таъсири.
- Манимча, бу глобал совуқликку)
- Сизларда иссиқми?
- Ҳа, бизда мўътадил. Баҳор илиқ, ёз 40 градус.
- Менинг Сурияда ўзбекистонлик танишларим бор.
- Улар нима иш қилишади?
- Ҳар хил мақсадда келган, лекин ҳозир кўплари бизнес қилишяпти. Биттаси ресторан очган. Суши ресторан.
- Ҳозир командировкадасизми?
- Йўқ, 5 йилдан бери Париждаман. Қочоқман...
- Ва сиз ҳозир 5 йил ичида Элисей саройида расмийларни суратга оляпсизми. Шокдаман.
- Оддий одамман, EPA агентлигига фрилансерлик қиламан. Ўзим Дамашқда архитектурада ўқирдим, тугатолмадим, асли касбим фотограф эмас. Суриядаги уруш мени фотограф қилди.
- Болалигимда Минг бир кечани ўқиганман. Дамашқ энг чиройли, жуда бой шаҳар деб ўқирдик.
- Йўқ бой эмасдик, тарихимиз жуда бой эди. Кўпи яксон бўлди.
- Оилангиз шу ердами?
- Йўқ, оила қуриш қийин Парижда. Уйланолмадим Сурияда ҳам, бу ерда ҳам. Яқинларим эса Сурияда қолган.
Шу билан тадбир бошланиб кетди ва ҳамма ўз иши билан андармон бўлди.
Аммо Бадранинг ҳикояси ўша кундан бери миямдан кетмади. Бугун исмини гуглга қидирувга бериб кўрдим. Унинг ишлари халқаро фотодунёсида анча таниқли экан, чунки бу суратларнинг контексти таъсирли. Мана у ҳақда қандай ахборот топдим:
Муҳаммад Бадра 2012 йилда Сурия инқилоби бошланганда Шарқий Ғутадаги Дума шаҳрида 7 йил қамалда қолиб кетади ва ўқишини ташлаб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатувчи бўлиб ишлайди. 2013 йилда Ғутадаги кимёвий ҳужумнинг даҳшатли оқибатлари (ҳалигача ким тарафидан амалга оширилгани баҳсли) га гувоҳ бўлгач, фотографиянинг инсоният ва тарихни ҳужжатлаштиришдаги кучини англайди. Қўлига фотоаппарат олиб, суратга ола бошлайди.
Аввал Рейтерсда, Сўнг Европа Прессфото агентлиги (EPA) нинг Думадаги фотографи бўлиб ишлайди. 2016 йилда Prix Bayeux-Calvados уруш мухбирлари танловида “Йилнинг ёш фотографи” мукофотига сазовор бўлади. Шу йили Time журнали уни “Йилнинг энг яхши агентлик фотографи” деб эълон қилади, UNICEFнинг “Йилнинг энг яхши фотосурати” танловида совриндор бўлади.
Давоми пастда#Париж_ҳикоялари