Бухоронинг Қоракўл ва Олот туманларида кузатилган кучли бўрон бўлганига бугун беш йил бўлди.
''Бўрон зонаси шаклланиши ғарбий циклоннинг Ўзбекистондан ўтиш пайтида айнан Бухоро ва Навоий, Туркманистоннинг Лебап вилоятларида 27 апрел кундуз куни ҳаво ҳароратининг кескин исиб кетиши(+34 +37°C) сабаб ҳосил бўлган. Ғарбий циклоннинг илиқ сектори 27 апрел кечга бориб, совуқ жабҳада тез ҳаракатланадиган ҳаво массалари билан тўқнаш келади''.
Бу сувайриғич кечга бориб қуёш ботишидан сўнг, атмосферанинг вертикал кесимида ҳаво ҳарорати фарқларини, у эса атмосфера босимидаги кескин ўзгаришларни юзага келтирди.
2020 йил 27-апрел Бухорода одатий кеч кириши. Шамол йўқ, кам булутли ҳаво. Гўёки ҳаммаси жойида сокин вазият. Кеч соат 19:50 да Қоракўл туманидаги "Қоракўл" метеорологик станция кузатувчиси одат бўйича станцияда кузатилаётган метеорологик қийматларни ўз дафтарчасига қайд этиш билан овора.
Кузатувчи метеорологик ўлчов, босим қийматини қайд этиш учун станция биноси ичига ўрнатилган барометр кўрсатгичларига кўз югуртирди. Босим фарқини охирги уч соатликдаги ўзгариш қийматларини ўз дафтарчасига киритди. Охирги уч соатликдаги атмосфера босими фарқи ақл бовар қилмас даражада фарқли эди.
Сўнгги 3 соатда қарийиб, 6 гПа фарқ... Буни кузатувчи пайқамади. Айнан Қоракўл ва унга ёндош ҳудудларда атмосфера босимининг кескин юқори кўтарилаётгани яқин вақт оралиғида ўта кучли шквал шамоллари юзага келиши мумкинлигига ''ишора'' эди.
Соат 20:05 лар орасида кучли бўрон биринчи қўшни республика Лебап вилоятининг Туркманобод шаҳарчасига яқин ҳудудларда бошланди. Ҳаракат Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти Олот ва Қашқадарё вилоятининг Туркманистон билан чегарадош ҳудудлари томон йўналган эди.
Бўрон зонаси марказ қисми Лебап вилояти Фароб шаҳарчаси ва унга ёндош Бухоронинг Олот туманида эканлиги
кўринади. Бўрон пайтида шамол тезлиги Қоракўлда максимал 35 м/с, Жиззахнинг Ғарбий Арнасойда 40 м/с гача қайд этилган
Бўрон ўзи билан бирга катта талофатлар келтириб чиқарди. Бўрон ортидан Бухорода 1 киши вафот этди. 40 дан ортиқ инсонлар
жароҳатланди. Туркманистонда
норасмий маълумотларга кўра, бўрон ва чанг ҳаводан 10 киши вафот этган. Жароҳатланганлар юзлаб кишиларни ташкил этган бўлиши мумкин
Бухоро вилояти Қоракўл ва Олот туманларида табиий офат пайтида алоқа ва электр таъминоти тизими буткул ишдан чиққан, 5293 хонадон том ёпилмалари, 415 дона автомашина зарар кўрган. Бухоро вилоятида қишлоқ хўжалиги экин майдонлари кучли зарарланган.
Ҳисоб китобларга кўра, табиий офат умумий қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ғалла майдонининг 20,8%ини, боғларнинг 27,1%ини зарарлаган. Йўқотилган мева ҳосили қарийиб 20 минг тонна. 42400 дона дарахт синган. Рақамлардан кўринадики, иқтисодий зарар кўлами жуда ҳам катта бўлган.
@uzb_meteo