Омма олдида гапириш сири
Омма олдида чиқиш қилиб тураман. Кўп марта янги гуруҳ ўқувчиларига дарс ўтишимга тўғри келган.
Видеоларга тушаман. Қолаверса, одатда тажрибаси мени ёшимданда катта бўлган устозларга тренинг ўтишимга тўғри келади.
Ҳаяжонланиш бўлади, албатта. 2 дақиқа. Дарров ҳаяжон йўқолади.
Кейин эса дўстимга гапиргандек дарс ўтиб кетавераман.
Кел, қадрдоним, сенга ўзимнинг омма олдидаги қўрқувимни енгиш услубларимни ўргатаман:
1. Қўрқув сабаби – мавҳумлик. Сени нима кутаётганини, дарсинг қандай ўтишини билмасанг, ҳаяжонга тушасан. Давоси – тайёргарлик. Дарсингни ипидан игнасигача режалаштириб ол. Мабодо “бу ишламай қолса, буни ишлатаман” деган тарзда «б» режани ҳам тузиб қўйсанг, янада яхши бўлади.
2. “Одамлар қандай қабул қиларкин?”, “Шарманда бўлмасмиканман?” – деган ваҳималар пайдо бўлса, ўзингга эслат: барибир 100 йилдан кейин ҳамма чириб йўқ бўлиб кетади. Сен ҳам. Одамлар ҳам.
3. Аудитория ўта тажрибали бўлса, шуни ўйла – ҳаттоки бирор барг ҳам Аллоҳнинг изнисиз тушмайди. Аллоҳ сени айнан шу ерда гапиришингни тақдир қилган. Демак, улар билмайдиган ниманидир сен биласан.
4. Қўрқув, ҳаяжон, стресс – ривожланаётганингни билдиради. Фойдаланиб қол. Бу катта неъмат. Кейин хоҳласанг ҳам бу туйғуларни тополмайсан.
5. Имкон бўлса, дарсингни биринчи катта аудиторияда эмас, кичикроқ танишлар олдида ўтказиб синаб ол. Қаерида бўшлиқ бўлса, тўлдириб ол.
6. Агар томошабинлар жуда ақлли бўлиб туюлаётган бўлса – фақат туюляпти. Биз бандалар ҳаммамиз жоҳилмиз.
7. “Мен гапирадиган мавзуни улар аллақачон билишсачи?” деган қўрқув бўлса, эслаб қол – билим беришдан ташқари, эслатма бериш ҳам катта хизмат.
Шунда ҳам ҳаяжонинг босилмаса сенга риторик саволим бор:
Нега қаланғи-қасанғи бетайинлар, очиқ-сочиқ кийимларда омма олдига чиқишга уялмайди, сен эса яхшилик тарқатаман деб хижолат чекишинг керак?
Ишларингга омад!
@Ustoz_kundaligi