Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётида муносиб иштирок этишини қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама тўсиқсиз муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Аввало, бундай кишиларга муносабат тубдан ўзгарганини таъкидлаш керак. Илгари имконияти чекланган шахслар, деган ёндашув бўларди, қонунларда ҳам, меъёрий ҳужжатларда ҳам шундай талқин ишлатиларди. Албатта, бундай муносабат ҳаётга ҳам кўчганди. Лекин ислоҳотларнинг янги даврида халқаро стандартларга мувофиқ, “имконияти чекланган”, деган нотўғри тушунчадан бутунлай воз кечилди, ногиронлиги бўлган инсонларга ўқишга, ҳунар ўрганишга, илм қилишга, меҳнат қилишга, давлат ва жамият ҳаётида муносиб иштирок этишга ҳақли тўлақонли шахс сифатида қарашга ўтилди. “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги муҳим қонун қабул қилиниб, ҳаётга самарали тадбиқ этилмоқда. Бироқ бу билан ҳаммаси ҳал бўлди, деган хаёлга бориш хато. Сабаби олдимизда қилинадиган ишлар талайгина. Партиямиз эса бу борада кўплаб ташаббуслар билан чиқмоқда. Қонун ижодкорлиги йўналишида ҳам ўрганиш ва изланишлар олиб боряпти.
Энг муҳими – парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда ҳамда давлат фуқаролик хизматида “ногиронлиги бўлган шахслар учун квота” орқали уларнинг сиёсий ва ижтимоий жараёнлардаги иштирокини таъминлаш — партиямизнинг қатъий мақсадларидан бири саналади. Бу борадаги ташаббусларимиз ҳам тез орада ҳаётга кўчишига ишонаман.Бугунги форум ҳам партиямиз ташаббуси билан ташкиллаштирилди.
“Имконияти чексиз аёллар”. Аслида ҳам имконият ҳеч қачон чекланмаслиги керак. Аксинча, уларни кенгайтириш, қийинчиликларни ошиб ўтиш зарур. Бугунги форум умид қиламанки, опа-сингилларимизга ана шундай куч ва шижоатни бера олади. Чунки форум фақат муаммоларни санаб ўтиш эмас, балки ечимларни излаш ва барча томонларни – давлат, жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтларини ҳамкорликка ундайдиган платформа сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Негаки, партиямизнинг мақсади ҳам, интилишлари ҳам айни шу йўналишда. Биз тенг ҳуқуқ ва имкониятлар тамойили асосида қонунчиликни такомиллаштириш, тўсиқсиз муҳитни ривожлантириш, таълим, бандлик ва уй-жой масалаларида натижалар яхшиланиши учун саъй-ҳаракатларимизни биргаликда давом эттирамиз. Турли вазирлик ва идоралар ҳам бу хайрли ташаббусларга елка тутишига ишонаман.