АДХАМ ШАРИПОВИЧ БЕКМУРОДОВ, ФИДОКОРОНА МЕҲНАТЛАРИНГИЗ УЧУН ТАШАККУР!
Бугун Академиямиз жамоаси барчамиз учун ҳурматли устоз, жонкуяр раҳбар, юксак инсоний фазилатлар соҳиби — Адхам Шарипович Бекмуродовга кўп йиллик тинимсиз меҳнат фаолияти учун миннатдорчилик билдирди
Адхам Бекмуродов ўз меҳнат фаолиятининг илк даврлариданоқ ёш, мустақил юртимиз иқтисодиётини ривожлантириш йўлида узоқ йиллар педагогик фаолият билан шуғулланди.
Хусусан, Тошкент Давлат иқтисодиёт университети ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетларида, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Банк молия академияси ректори сифатида иш олиб борган.
Устоз Адхам Бекмуродов Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари сифатида ривожланган давлатлар вакиллари билан музокаралар олиб бориб, моҳир дипломат сифатида халқаро майдонда юртимиз манфаатларини ҳимоя қилган.
У 10 дан ортиқ фан докторлари ва 40 дан ортиқ фан номзодларига устозлик қилган. Фаолияти давомида чоп этилган 300 дан зиёд илмий мақола ва рисолалари, ўқув-услубий қўлланмаларидан ўқув ва илмий тадқиқот соҳаларида кенг фойдаланиб келинмоқда.
Адхам Шарипович нафақат ўз илмий салоҳияти, балки, юртга садоқати, етакчилик маҳорати ва меҳнати билан юртимиз тараққиёти, хусусан, давлат бошқаруви соҳасидаги кадрлар салоҳиятини оширишга беқиёс ҳисса қўшди. У раҳбарлик қилган йилларда Академия салоҳияти юксалди, замонавий ўқув методикаси жорий этилди, халқаро ҳамкорлик кенгайди, илмий тадқиқотлар ва таълим жараёни сифат жиҳатдан янгиланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, А.Бекмуродов раҳбар сифатида нафақат билимли, балки шогирдларига меҳрибон, жамоага ғамхўр, инсонларга ҳурмат билан ёндашувчи лидер сифатида барчанинг кўнглидан муносиб жой олди.
Тантанали маросимда Академия жамоаси номидан А.Бекмуродовга тўн кийдирилди, самимий миннатдорлик сўзлари айтилди ва Академиядаги фаолиятини муносиб якунлаётган устоз — раҳбарга тинч ва фаровон ҳаёт, соғлик-саломатлик, оилавий барака тилаб, ҳурмат-эҳтиром қўрсатилди.
Ҳурматли Адхам Шарипович! Сизнинг эзгу меҳнатларингиз, мустаҳкам илмий ва амалий тажрибангиздан бугунги ва келажак авлод ўрнак олади. Сизга яна бир бор Академиямиз номидан чуқур миннатдорлик изҳор этамиз.
🔍Veb sayt |
🌐Telegram | 📱
Instagram |
🛜Facebook |
🎥YouTube