МинЭнерго расмий ТГ-каналидан мана бу хабардаги сурбетлик даражаси маркетингда илғор компаниялар даражасида: https://t.me/minenergy_uz/15745
Авваламбор, пост (гўёки) "яхши хабардан" бошланяпти:
«1 майдан 201 кВт⋅соатдан 500 кВт⋅соатгача электр энергиясига 900 сўмдан эмас, 800 сўмдан тўлайсиз»
Бунда энди ХАММА 200 кВт⋅соат учун 450 сўм эмас, 600 сўм тўлаши эса "унутиб қўйиляпти". Бу нима учун мухимлиги пастроқда маълум бўлади.
Мана бу жойи айниқса зўр:
«нархларининг босқичма-босқич ўзгариш графигига аҳоли учун енгиллик яратадиган ўзгартишлар киритилмоқда.»
Яъни нархларнинг ўтган йилнинг бошига нисбатан айтайлик 310% га эмас, "атиги" 300% га ўсиши, бу — ахоли учун яратилган "енгиллик". Катта рахмат хукуматимизга, бундай мехрибонлиги учун.
У ёғига хатто хисоб-китоб хам қилиб берилган, давлат маркетологлари томонидан, ахолига қанчалик "енгилроқ" бўлиши:
«Айтиш жоизки, бир ойда ўртача 500 кВт·соат миқдорида электр энергияси сарфлайдиган хонадон вакиллари бунинг учун 2025 йилнинг 1 май санасига қадар 360 минг сўм тўлашарди (200 кВт·соат базавий норма учун 90 минг сўм, 201 кВт·соатдан 500 кВт·соат учун 270 минг сўм). Тариф ўзгаришларидан сўнг бир ойда ўртача 500 кВт·соат ток ишлатадиган хонадон бунинг учун... 360 минг сўм тўлайди (200 кВт·соат базавий норма учун 120 минг сўм, 201 кВт·соатдан 500 кВт·соат учун 240 минг сўм). Яъни улар учун нарх ошаётгани йўқ.»
Бу ерда савол туғилади:
Ўртоклар, э узр, жаноблар — ахир сизлар "90% ахоли ундан кўпроқ ишлатмайдиган" "социал норма"ни 200 кВт·соат деб белгилаган эдингиз-ку, нечун энди бу ерда гўёки "ўртача" кўрсаткич сифатида 500 кВт·соат учун хисоб-китоб қиляпсиз? Жавоби оддий — агар 500 дан камрок миқдорга хисобласангиз (масалан, 400 кВт·соатга), аслида одамлар КЎПРОҚ тўлаши маълум бўлиб қолади (эски нархда 200*450+200*900 = 270.000, янги нархда 200*600+200*800 = 280.000 сум). Бинобарин, бу "енгиллаштирувчи" қарорингиздан кейин 90% дан кўп ахоли янада КЎПРОҚ тулайди, шундоғам нархлар 300% га оширилиб турган жойида (ё "социал норма борасида ёлғон айтганмидингиз, ва кўпчилик 200 кВт эмас, аслида 500 кВт ишлатадими?)
«Бундан ташқари, қарор билан электр энергияси ва табиий газ нархлари ҳар йили 1 майдан бир маротаба йиллик инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда индексация қилиб борилиши белгиланмоқда.»
Бу ерда эса бир эмас, учта савол туғилади::
1) Тушунмадим, сал аввалрок (3 хафтагина олдин), мана бу
хабарда "2026 йилдан энди нархлар КАМИДА 3 йилда бир оширилади" деб чиққандиларинг. Энди бир ой хам ўтмай бу гап унутилиб, "ХАР ЙИЛИ нархлар 10% га оширилади" деб турибсизлар? Қай гапингиз ёлғон бу ерда?
2) Буни қаранг, "индексация" каби "модный" терминни ўрганиб олибсизлар, қойил. Фақат нима учун бу тушунчани фақат солиқларга нисбатан қўллаб, ОЙЛИК-НАФАҚАЛАРГА нисбатан хеч қачон қўлламайсизлар? Вахоланки инфляциямиз хар йили уруш кетаётган Украинадан анча баландроқ, бизда хеч қандай уруш бўлмаса хам (чанг босган "мусаффо осмондан" унда нима наф?).
3) Ўзи нимага МИЛЛИЙ БОЙЛИК бўлган газ нархи хар йили умумий инфляцияга қараб ошиши керак? Биз нима, газни ташқаридан сотиб оляпмизми? Ё ўзимизнинг еримиз остида ўтирган гномларимиз бизга хар йили қимматроққа сотяптими газни? Айтганча, ташқарига сотилаётган газнинг нархи хам хар йили ошириляптими (нимагадир бундан шубхам бор)?