Амир Темурнинг тарихий миссияси ҳақида яна бир мулоҳаза
Ҳар бир тарихий шахс ўзига яраша миссияни, вазифани амалга ошириш учун сиёсий саҳнасига келади, деган қарашлар ҳам мавжуд. Амир Темурнинг тарихий миссияси нималардан иборат эди? Албатта бу ҳақида бир қатор фикрлар билдирилган. Биз уларни инкор этмаган ҳолда, яна бир мулоҳазани ўртага ташламоқчимиз.
Амир Темурнинг сиёсий саҳнага чиқиши арафасида Мовароуннаҳр 10 яқин беклар ўртасидаги сиёсий рақобат майдонига айланганлигини биламиз. Худди шу ҳолатни Эронда ҳам кўришимиз мумкин. Ҳулагулар давлати ўрнида 10 дан ортиқ кичик давлатчалар шаклланди ва улар ўртасида ҳам шафқатсиз урушлар олиб борилди. Умуман олганда, Кичик Осиёнинг Шарқий қисми, Кавказ, Ироқ, Озарбайжон, Эроннинг ғарбий ва марказий қисмлари, Хуросон, Кобул, Ғазни ва Қандаҳор, Мовароуннаҳр, Хоразм, Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқими ҳудудлари 30 дан ортиқ майда сиёсий бирликлар ўртасидаги ўзаро урушларнинг исканжасида қолди. Бу даражадаги сиёсий тарқоқлик мазкур ҳудудларда аввал кузатилмаган ҳодиса эди.
Бошқача айтганда, Ўрта ер денгизидан то Хитойгача бўлган ҳудудларда урушлар олови ёнаётганди. Урушлар бир вақтда ҳамма ерда, ҳар доим юз бериши одатга айланганди. Бу эса доимий вайронагарчиликлар, талон-тарожлар, беҳисоб қурбонлар ва иқтисодий ҳамда маданий ҳаётнинг таназзулга юз тутишини англатарди. Амир Темур ўз фаолияти даврида бу ҳудудларни бирлаштирди. Албатта, бу ҳаракат ҳам урушлар, вайронагарчиликлар, талон-тарожлар ва қурбонлар билан кечди. Аммо унинг натижасида мазкур ҳудудларда ўзаро урушларга барҳам берилди. Бу эса ўз ўзидан иқтисодий ва маданий юксалишга олиб келди.
Амир Темур вафоти билан бу империя парчаландими? Аслида бу жуда бўрттирилган хулоса. Бир неча йил давом этган ўзаро урушлардан сўнг Шоҳруҳ мирзо яна Мовароуннаҳр, Сирдарё бўйлари, Хоразм, Кошғар, Кобул, Ғазни, Қандаҳор, Хуросон, Марказий ва Ғарбий Эронни марказий давлат қўлида сақлаб қолди. Бу ҳудудларда яна узоқ йиллик тинчлик таъминланди. Озарбайжон ва Ироқда эса Қора қуюнлилар давлати шаклланди. Аввал бу ернинг ўзида бир неча давлатлар бор эди. Бундан кўринадики, мазкур ҳудудларда ҳам аввалгидек парчаланиш юз бермади.
Шоҳруҳ вафоти билан юзага келган бир оз танафусдан сўнг Султон Абу Саъид мирзо ушбу бирликни яна давом эттирди. Унинг қўли остида Мовароуннаҳр, Хуросон ва Эрон бирлаштирилган эди. Ундан сўнг темурийлар давлати Хуросон ва Мовароуннаҳрда сақланиб қолди. Озарбайжон, Ироқ, Ғарбий ва Марказий Эрон эса Оққуюнлилар қўли остида бирлашди. Умуман олганда сулолалар алмашаверди, Сафавий, Шайбонийлар, бобурийлар, уларнинг ўрнига яна янги сулолалар келди, чегаралар қисман уёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа сурилди. Сулолалар алмашуниви вақтида оз муддат сиёсий тарқоқлик кучайган бўлса-да, яна қайтадан марказлашган давлат ташкил топаверди. Амир Темур бирлаштирган ҳудудларда XIV асрдаги каби жуда майда давлатлар, жуда кучли сиёсий тарқоқлик қайта юзага келмади.
XIX асрда бу ҳудудларда Эрон, Афғонистон, Хоразм, Бухоро ва Қўқон давлатлари мавжуд эди. Балки, Амир Темур узоқ йиллар давом этган сиёсий марказлашувларга пойдевор яратиб бергандир?! Балки, бу ҳам унинг тарихий миссияси бўлгандир?! Сиз нима дейсиз ?!
https://t.me/bahriddin_tarix