Кипр масаласида билиш керак бўлган яна баъзи тафсилотлар.
Юқорида ЛДНРга ёки Қримга тенглаштириб бўлмаслиги ҳақида ёзгандим. Бошқа фарқлари ҳам бор. Умуман, нега Шимолий Кипр масаласи аслида унақа долзарб эмас, нега Туркия санкцияга тушиб кетмаган, нега қайсидир маънода бу масалага кўз юмилади, тушуниш учун қуйида нарсаларни билиш керак.
Туркия Кипрда тинчлик кафолатчиси бўлган уч давлатдан бири эди (Юнонистон ва Британия қаторида). 1960-йилларда, илк тўқнашувлар бошланганида, бу уч давлатнинг қўшма контингенти оролда жойлаштирилиб, тинчлик ўрнатишга ҳисса қўшган эди. 1974 йилда эса Туркия 1960 йилги уч томонлама келишувга биноан оролга қўшин олиб кириш мандатига эга эди. Турк қўшинлари оролдан чиқиб кетмагач, орол шимолида амалда назорат ўрнатгач, уларни босқинчиликда айблай бошлашди.
Бугунги кунда ШКТЖ, расман тан олинмаган бўлса-да, сиёсий институтлари ишлаб турган барқарор давлатга айланган. У ерда парламент, сиёсий партиялар, демократик сайловлар бор, бошқа институтлар ишлайди. Мамлакат келажаги оммавий муҳокама қилинади, Туркияга яқинлашиш, қўшилиш, Туркиядан мустақил сиёсат юритиш ва ҳатто юнон Кипри билан бирлашиш тарафдорлари бор. 2023 Freedom House уни фуқаро эркинликларига риоя этиладиган, сиёсий тизими демократик давлат сифатида
баҳолаган.
ШКТЖ тинчлик ва барқарор ҳокимият ўрнатгач, иқтисодий ривожланишга ҳам эътибор қаратган. Мамлакатда бир қанча соҳалар ривожланиб, даромад келтирмоқда. Уларнинг асосийси банклардир.
ШКТЖда 24 та оншор, 14 та офшор банк мавжуд (2008 йил
маълумоти). ШКТЖ муаммоси музлатиб қўйилиши ва Ғарб давлатлари амалда оролнинг бирлашишига эътиборсизлиги шу билан боғлиқ — турк Кипри офшор пул қўйиладиган (солиқдан қочиладиган) ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу давлат расман тан олинмагани учун у солиқ ахбороти алмашиш тизимида эмас, демак, у ерда солиқдан қочиш осон. Туркия, Исроил, Буюк Британия, айрим араб давлатлари (ёки уларнинг резиденти бўлган йирик корпорациялар) бундан фойдаланиб келади. АҚШнинг Financial Crimes Enforcement Network агентлиги бу масалада таҳлиллар чиқариб туради ва америкалик бизнесменларга у ерга пул киритмасликни тавсия қилиб келади.
Кейинги соҳа — олий таълим. Турк Киприда 24 та университет бор. Аҳоли жон бошига (380 минг атрофида) университетлар сони бўйича жаҳонда биринчи ўринларда туради. 2024 йилда у ерда 100 минг талаба ўқиган. Қизиғи, кўп университетлари халқаро аккредитацияга эга эмас, шунга қарамай, хорижлик талабалар бу ерга кўп келади. Аккредитациядан ўтмаган университетларда ўқийдиган талабаларга ҳайрон қолайми, тан олинмаган давлатда ўнга яқин халқаро аккредитацияга эга университет борлигига ҳайрон қолайми, билмай қоламан баъзида.
ШКТЖ иқтисодини кўтариб турган яна икки соҳа бор — туризм ва тиббиёт. Икки соҳаям арзонлиги ва сифати билан одамларни жалб қилади.
@AsanovEldar