Ёзувчи Айзек Азимовнинг асари асосида ёзилган «Мен- робот» филмидаги ҳаёт тез орада бизни қуршаб олади. Атрофимиз СИ ва роботлар билан тўлиб-тошади. Ҳатто, ярим инсон, ярим роботлар ҳам жуда кўпаяди. Булар мутантлар ёки гибридлар.
Ким бу мутантлар? Булар ногиронлар. Ҳозир Илон Маскнинг Neuralink компанияси қўллари ишламайдиган инсоннинг миясига чип ўрнатиб унинг қўлларини ишлатди. Яқинда ҳамма кўзи ожизларнинг кўзини очмоқчи. Демак, атрофимизда ярим робот, ярим инсонлар ҳам пайдо бўлади. Уларнинг танаси инсоний бўлиши мумкин, лекин миясида чипи бор, унга СИ ўрнатилган бўлади, демак у мутант.
Лекин муаммо бунда эмас, муаммо гапимизнинг бошида айтганимиз ишимизни йўқотишимизда. Ҳозир кўпчилик бориб-бориб худди «Терминатор»даги сингари вайронкор Скайнет («SkyNet»)га ўхшаб СИ интеллект Инсониятга қарши бош кўтаради, деб ҳисоблаяпти. Бу гапда жон бор, албатта. Лекин ундай бўлмайди. Аниқроғи, СИ бундай қилишга улгурмайди.
Бунинг мутлақо тескариси юз беради - Инсоният СИга қарши бош кўтаради. Ишидан айрилган ва кўчада қолган минглаб инсонлар, ходимлар СИ дастурларига қарши бош кўтарадилар. Улар СИ дастурларини ишлаб чиқувчи OpenAI сингари компанияларнинг офисларига ҳужум қилиб, дастурларни йўқ қилишга интиладилар. Бу энг охирги чора бўлади. Лекин дастлаб бу кураш ижтимоий тармоқларда ёзма-оғзаки норозиликлардан, илмий мақолалардан, кўчалардаги намойишлардан, пикетлардан, бақир-чақирлардан бошланади ва бориб-бориб ҳақиқий жангга айланади. Ишонинг, айнан шундай бўлади ва бу замонлар жуда яқин.
Эрта-индин кечирасиз, биз сизнинг ўрнингизга СИ ёки роботни ишга қабул қиламиз, деб қўлимизга патта тутқизадиган пайтлар жуда яқин.
Нима қилмоқ керак?! Энг аввало, СИни қонун йўли билан жиловлаш керак. Уни қўллайдиган ва қўллаш мумкин бўлмаган соҳаларни аниқ-тиниқ ажратиб олишнинг мезонларини мукаммал ишлаб чиқиш керак. Масалан, нималар устида тажриба олиб бориш мумкин ёки мумкин эмаслигини инсонлар белгилаб олишгандек. Масалан, адашмасам, Хитойда клонлаш устида иш олиб бориш мумкин эмас ва бу қонун билан тақиқланган. Худди шунингдек, СИнинг чегарасини белгилаб олиш керак.
Бугунги кундаги ҳамма қонунларни СИ нуқтаи назаридан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш керак. Масалан, Фуқаролик кодекси. Бу кодексимиз бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермай қўйганига минг йил бўлди. Энг ибтидоий муносабатлар даражасида қолиб кетган. Масалан, Фуқаролик кодексида инсоннинг исми, фамилияси, шаъни, қадр-қиммати тартибга солинган, аммо унинг қиёфаси, овози, ташқи кўриниши ҳақида биронта норма йўқ. Ваҳоланки, СИ бугунги кунда Инсоннинг қиёфасига, ташқи кўришига, овозига ҳужум қилмоқда. Унинг қиёфасини, овозини қайта ишлаяпти. Марҳум санъаткорларни «тирилтиряпти». Кимлардир шунинг орқасидан жарақ-жарақ пул ишлаяпти. Лекин марҳумнинг қариндошлари отасининг овозини қайта ишлагани учун судга даъво қила оладими? Инсоннинг овози фуқаролик муносабатларининг объекти ҳисобланадими? Шу ва шунга ўхшаш муносабатлар кодексда мутлақо ўзининг аксини топмаган. Кооператив ширкат деган ибтидоий термин билан яшаб юрибди, ҳалиям.
Барча қонунларни «Инсонлар ва роботлар ўртасидаги ҳар қандай муносабатлардаги барча ихтилофлар Инсонлар фойдасига ҳал этилади», деган умумий ақидага таяниб ёзиш керак!!!
Бугунги кунда СИга бағишланган, уни ижтимоий муносабатларга кенг жорий қилишни назарда тутувчи Президент қарорлари, ВМҚлар жуда кўп қабул қилинмоқда. Бу бўйича йўл хариталари ҳам белгилаб олинган. Яқинда бутун бир бошли қонун ҳам ишлаб чиқилмоқда. Лекин кези келганда шуни айтиб ўтиш керакки, Инсонга арзимаган бўлса ҳам хоҳ у жисмоний, хоҳ у маънавий бўлсин, зарари тегиши мумкин бўлган ҳар қандай нормадан йироқ бўлишимиз керак.
Инсонни бажариб турган ишидан маҳрум қиладиган бўлса, ходимининг ўрнига СИ ёки роботни ишга қабул қиладиган бўлса, агар штатлар қисқариши соҳага СИ ёки роботни жорий этиш ҳисобига бўлса, иш берувчини ишидан айрилган ходимларга отнинг калласидек компенсация тўлагандан кейингина ишдан бўшатиш мажбуриятини назарда тутадиган нормаларни қонунларда назарда тутиш керак.
СИ Инсонга кўмакчи бўлиши керак, асло бошқарувчи эмас!
@AdolatFarzandi