МЕҲР КЎЗДА
Узоқлашиб кетяпмиз,
Салом-алик-бўлди, тамом.
Меҳр деган туйғу қани?
Оқибат-чи?
Ўлди, тамом.
Эслаганда «жиз» этгали
Кўнгил деган қуш бор эди,
Талпинарди бир-бирига,
Айрилмоғи душвор эди.
Ота-она ва бир қорин,
Талашганмиз қучоқларни,
Бой бердик-а, сўроқламай,
Қанча меҳр ўчоқларни...
Совиб қолган чойдай ҳаёт-
Кун-тун ўтар лоқайд, лоҳас,
Пинагимиз бузмасин-да,
Мўлжал олиб ажал, нохос...
Узоқлашиб кетяпмиз,
Катта демай, кичик демай,
Сизни эслаб, азизларим,
Бир бўзладим, ичикдим-ай.
Қанча бўлди, кўришмадик?
Эсламоққа йўқ хотира.
Ҳар ким ўзин қобиғида,
Йўқолмоқда юзхотир-а?!
Қорлар ёғди, кўмилди из,
Қиш ўчоғи торми энди?
Олислардан жим, бехабар,
Яшаш ҳукми борми энди?
Меҳмон деса, оғринамиз,
Торфеъл бўлдик, бўлдик ғайр...
Аста олиб ўтиб борар,
Кўзимизни боғлаб Дайр.
Узоқлашиб кетяпмиз,
Сезгандирсиз , сиз ҳам буни,
Ахир, аниқ- ҳеч ким бўлмас,
Бу дунёнинг тоқ устуни.
Узоқлашиб кетяпмиз...
Мақсуда Каримова
Каналга обуна бўлиш учун ушбу
линкни босинг 👇🏻👇🏻
https://t.me/+3DY3uc9J-j04YmNi