Вилоят Ёшлар марказида “Меҳнат муносабатлари: қонунчилик назарияси ва суд амалиёти” мавзусида конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий суд судьялари, вилоят суди раҳбарияти ва судьялари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман ва шаҳар судлари судьялари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши раҳбарияти ва ходимлари, вилоят фаолият кўрсатаётгани корхона, ташкилотва муассасаларнинг ҳуқуқшунослари ва кадрлар билан ишловчи мутахассислари иштирок этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши раҳбари С. Рафиқов ҳамда вилоят суди раисининг ўринбосари З. Аллабаев конференцияни кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни халқаро принциплар ва андозалар асосида такомиллаштириш бўйича салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилгани алоҳида таъкидладилар.
Олий суд судьялари Н. Раҳмонов, Ж. Расулов, Давлат меҳнат назорати инспекцияси бошлиғи ўринбосари М. Норбоев, вилоят судининг судьяси Ф, Каримов мавзу юзасидан қонунларни шарҳлаб, бир-биридан қизиқарли маърузалар қилишди.
Хусусан, 2022 йил 28 октябрда янги Меҳнат кодекси қабул қилинди. Кодексда ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар белгиланди.
Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Конституцияда ходимнинг меҳнат ҳуқуқларига оид муҳим қоидалар ўз аксини топди. Жумладан, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, меҳнати учун камситишларга йўл қўймаслик, ҳар бир ходимга меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, энг асосийси, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги янгиланган Конституцияда қатъий муҳрланган.
Ўз навбатида, 2023 йил 20 ноябрда Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда меҳнат низоларини кўришда судлар амалиётида вужудга келадиган масалаларга алоҳида тушунтириш бериб ўтилди.
Статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда судлар томонидан жами 865 та меҳнат низоларига оид фуқаролик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан 68,5 фоизи қаноатлантирилган, 12,6 фоизи рад этилган, 16,1 фоизи тегишли асосларга кўра кўрмасдан қолдирилган ва 2,8 фоизи иш юритишдан тугатилган.
Жами кўриб тамомланган 865 та фуқаролик ишларининг 234 тасини ишга тиклаш, 461 тасини иш ҳақи ундириш ва 170 тасини меҳнат низоларига оид бошқа ишлар ташкил қилган.
Бундан ташқари 574 та 6,3 млрд. сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш ҳақида суд буйруқлари чиқарилган.
Тадбир иштирокчилари томонидан меҳнат қонунларини қўллашда учраётган муаммолар, уларни ҳал қилиш йўллари ва бу борадаги янгича назарий қарашлар, меҳнат соҳасида қонунчиликни таъминлаш, амалиётда юзага келадиган масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Конференция якуни бўйича хулосалар, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Telegram I
Facebook