Судлар мустақил ва адолатли фаолият юритсин
Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида Судлар фаолиятини моддий таъминлаш Департаменти ташкил этилган эди.
Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг асосий вазифалари эса қуйидагилар этиб белгиланган:
– судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича ишни ташкил этиш, шунингдек, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
– суд биноларини қуриш ва таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг самарали сарфланишини таъминлаш, судлар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирларни кўриш;
– судьялар ва суд аппарати ходимларининг меҳнат шароитларини, моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва бошқа муҳим вазифалар ижросини таъминлашдан иборат.
Бугунги кунда Департамент томонидан умумий юрисдикция судларининг иш фаолияти учун зарур бўлган шарт-шароитлар яратилиши ҳамда уларни моддий-техник жиҳатдан ва молиявий таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина пойтахт судлари мисолида олсак, Тошкент шаҳрида 23 та суд фаолият олиб боради. Жумладан, Тошкент шаҳар суди (жиноят, фуқаролик, иқтисодий судлов ҳайъатлари), Тошкент шаҳар маъмурий ҳамда туманлараро судлари, Ўзбекистон Республикаси ҳамда Тошкент ҳарбий судлари, 12 та жиноят ишлари бўйича туман суди суди, 5 та фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди, 1 та туманлараро иқтисодий суди мавжуд.
Судлар фаолиятини таъминлаш Департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими томонидан умумий юрисдикция судларининг иш фаолиятида зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича давлат бюджетидан ҳамда Суд ҳокимиятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жорий йилнинг биринчи чорагида муайян ишлар амалга оширилди.
Жумладан, умумий юрисдикция судларида фаолият юритаётган судья ва суд ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар вақтида тўлаб келинмоқда.
Ҳар хил турдаги асосий воситалар, инвентарлар, товар-моддий захиралар ҳамда хўжалик харажатлари учун эса жами 2 727 302,0 минг сўмлик харидлар амалга оширилиб, мавжуд эҳтиёжлар асосида таъминлаб берилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 27 февраль куни судлар фаолиятини янада яхшилаш, очиқлик ва рақамлаштириш даражасини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижроси бўйича суд биноларининг фаолият йўналиши ва шаҳарсозлик нормаларига мослигини ўрганиш юзасидан тузилган ишчи гуруҳ иштирокида ҳар бир суд биноси хатловдан ўтказилди.
Унга кўра, ишчи гуруҳ хулосаларидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида 8 та суд идорасига янги замонавий бинолар қуриш, 3 та суд биносини реконструкция қилиш ва 5 та суд биносини капитал таъмирлаш юзасидан таклифлар берилиб, ушбу лойиҳаларнинг тегишли давлат дастурига киритилиши ҳамда маблағ ажратилиши бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Бу ишларнинг амалга оширилишидан кўзланган асосий мақсад умумий юрисдикция судлари томонидан одил судловнинг амалга оширилишида суд ходимларига зарур шарт-шароитлар яратиш, хусусан, судга ташриф буюрувчи фуқароларга қулайликлар яратиш – энг муҳим вазифа.
Ғайрат САЛОҲИДДИНОВ,
Судлар фаолиятини моддий таъминлаш
департаментининг Тошкент шаҳар
ҳудудий бўлими бошлиғи
Сайт I
Telegram I
Facebook I
YouTube I
Instagram