Ўтган йили августда мана бу бир хафталик
"академияда" қатнашган эдим. Пост-совет худудиган келган ёзувчилар, тадқиқотчилар, рассомлар, активист ва шоирлар билан сиёсий тасаввур хақида деколониал оптика орқали фикр алмашган эдик. Мақсад - шартли урушдан кейинги Россияда ва умуман пост-империалистик маконда альтернатив сиёсий маконни тасаввур қилиш эди. Қандай қилиб бизга бу йўлда деколониал дискурс ёрдам бераолишини турли семинар, воркшоп, ўйинлар ва машхулотлар орқали жуда чиройли табиат қўйнида мухокама қилган эдик. Жуда қизиқ ва истеъдодли одамлар билан танишган эдим.
Шулардан иккитаси шоира Динара Расулева ва allapop тахаллуси билан танилган рассом ва уларнинг "Tatar Kyz:lar" ижодий гурухи эди. Улар ўз ижодида охирги пайт асосан тил (татар тили) ва ўзлик мавзусини мусиқа, шерият ва перформанслар яратиш орқали англаш билан шуғулланишади. Яқинда янги альбомлари чиқибди ва Медуза шу альбом хақида
ёзибди.
"Қизлар" деколонизацияни шунчаки ўтмишга қайтиш ўлароқ эмас, балки ўша ўтмишга ва авваламбор тилга таянган холда янги ўзлик ва маданий қоришмалар яратиш ўлароқ тушунишади. Санъатлари хам шуни ифода этади. Бизнинг ўртача дидга ёқмаслиги табиий, аммо камида янги бир "махсулот" ва перспектива яратиш нуқтаи назаридан менимча камида қизиқарли. Биз хам қотиб қолган "фольклёр" ва "миллийлик"дан аллақачон янги ва замонавий, аммо ўзимизнинг хос санъат яратишга ва ижодий тажрибалар қилишга ўтишимиз керак. Ғарбпарастлик ва миллийлик орасида экспериментлар учун аслидан жуда катта майдон мавжуд, шуни тўлдиришимиз керак.