Лавров: Россия Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда ҳукмрон бўлишга уринишига қарши
Ҳозирги — яъни Путин давридаги — Россия ташқи сиёсатини шакллантираётган идеологлар ва сиёсий технологлар Совет Иттифоқи қилган хатолардан хулоса чиқармаётгандек.
Марказий Осиё давлатлари учун Россия билан «бирга бўлиш» ёки у билан «қайта бирлашиш» ғояси жозибали эмас, чунки бугунги Россия Марказий Осиёда идеал (жозибадор) давлат сифатида қабул қилинмайди.
Россиянинг ички сиёсати беқарор, жамиятдаги ижтимоий муҳит кескин, ташқи сиёсати эса тажовузкор, импульсив ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган хусусиятга эга. Бу эса Марказий Осиё давлатларида табиий равишда қўрқув ва ишончсизлик уйғотади.
Марказий Осиёликлар, айниқса ёшлар, ўз орзусидаги ҳаётни Москвада эмас, бошқа жойда тасаввур қилади. Улар Россияда на олий маълумот олишни, на орзусидаги ишни топишни, на у ерда яшашни хоҳлайди — чунки Россия жозибадор эмас ва самарали «юмшоқ куч»га эга эмас.
Россия элитаси нуқтаи назаридан эса, Совет Иттифоқи парчаланиши билан йўқотилган буюклик ва геосиёсий обрўни собиқ Совет республикаларида рус таъсирини (ҳукмронлигини) кучайтирмасдан тиклаш мумкин эмас. Чунки уларнинг тафаккуридаги «сўнги буюклик даври» — бу Россия ҳукмронлигидаги Совет Иттифоқи эди.
Ва бундай ҳолатда Россия Федерацияси билан чегарадош деярли барча давлатлар унинг қайтадан кучли давлат сифатида тикланишидан манфаатдор эмас.
Мана шу геосиёсий реаллик — постсовет давлатларининг Ғарб билан яқинлашуви, НАТОга интилиши ва Россиядан узоқлашишга уринишининг асосий сабабидир. Шу боис, Москва қўшни давлатларнинг барчасини маълум даражада стратегик «хавф» сифатида кўришга мажбур.
©Ibrohim Jo’raboyev