Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 15 апрель кунги Андижон вилоятига ташрифи давомида комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда тармоқлар раҳбарларига тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебель, автомобилсозлик каби “драйвер” соҳаларда талаб юқори бўлган камида 5 турдаги импорт ускуналарнинг техник кўрсаткичини ўрганиб, уларни маҳаллийлаштириш бўйича топшириқ берди. Бундай ускуналарни маҳаллийлаштириш истагидаги тадбиркорларга эса 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилишини таъкидлади. Хўш, бу мамлакат иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатади?
Биринчидан, таклиф этилаётган “драйвер” соҳаларда зарур техник жиҳозларни маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш импортни камайтиришга, саноатда арзон ва сифатли маҳаллий маҳсулотлар ҳажмининг ортишига олиб келади. Шунингдек, Жанубий Корея ва Хитой каби мамлакатлар тажрибасидан кўриш мумкинки, импортни камайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш иқтисодий мустақилликни мустаҳкамлашга, ташқи бозор учун рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашга эришишга, Ўзбекистоннинг ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Бу эса мамлакатнинг экспорт салмоғини ошириш, хорижий давлатлар билан савдо алоқаларини янада ривожлантиришга ёрдам беради.
Иккинчидан, ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга ва янги иш ўринларини яратишга олиб келади. Бундан ташқари, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳаллий корхоналарнинг рақобатбардошлигини оширади ва иқтисодий ўсишга сабаб бўлади.
Учинчидан, бундай ташаббуслар, шунга қўшимча, хорижий инвестициялар билан ҳам қўллаб-қувватланиши мумкин. Маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш учун технологик инновациялар ва янги ишлаб чиқариш жараёнларини жорий этиш талаб этилади. Бу эса Германия ва Япониядаги каби юқори технологияли маҳсулотларни ишлаб чиқаришда давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини кучайишига олиб келади.
Тўртинчидан, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, хомашё ва материаллардан самарали фойдаланишни таъминлашга ёрдам беради. Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш харажатларини пасайтиришга ва маҳсулотнинг нархига таъсир қилиши мумкин.
Айтиш мумкинки, бу каби ташаббуслар, агар тўғри амалга оширилса, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишини тезлаштиришга ва халқаро бозорда рақобатбардошлигини оширишга катта ҳисса қўшади. Импортни камайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ўз навбатида, иш ўринларини яратиш, ички бозорни мустаҳкамлаш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.