26-апрель Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун (1954–2001)
Бор бисотим
Бор бисотим олди ёшлигим,
Юрак шунга кўнди-ю кетди.
Ёдда шундай қолди ёшлигим:
Қуш дарахтга қўнди-ю кетди.
Демак, дунё чиндан тор экан,
Демак, видо куни бор экан,
Тушиб келдим ойнинг олдидан,
Ўт бир ёниб сўнди-ю кетди.
Дунёда энг катта бой эдим,
Гижинглаган асов той эдим,
Шарқираган тошқин сой эдим,
Сувим совиб сўнди-ю кетди.
Етишмайди менга не жиҳат?
Аллақаерларимдур диққат.
Ўша қомат, ўша бўй, фақат
Юрак чил-чил синди-ю кетди.
Дўстларим кўп эди, дўсларим.
Кескир-кескир эди сўзларим,
Хира тортиб қолди кўзларим,
Сочга қиров инди-ю кетди.
Дарахтга қуш қўнди-ю кетди...
Rasmiy sahifalarimiz👇
Telegram |
Facebook |
YouTube |X