Сирдарё перинатал маркази JCI аккредитацияси остонасида
Сирдарё вилоятида жойлашган Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали яқин кунларда дунёдаги энг нуфузли аккредитация ташкилоти – Joint Commission International (JCI), яъни Ҳалқаро Бирлашган Комиссия стандартларининг аккредитациясини олиши мумкин.
Маълумки, ушбу халқаро ташкилот томонидан бериладиган аккредитация тиббий муассасалар фаолиятининг хавфсизлиги, самарадорлиги ва сифатини энг юқори даражада баҳолайдиган "олтин стандарт" ҳисобланади.
Бугунги кунгача Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий амалий тиббиёт марказининг бош офиси ва унинг 6 та ҳудудий филиали ушбу нуфузли аккредитациядан муваффақиятли ўтиб, халқаро сифат сертификатига эга бўлган эди. Энди эса, Сирдарё вилояти филиали ҳам мазкур йўналишда муҳим босқични босиб ўтмоқда.
Бу ҳақда Сирдарё филиалида бўлиб ўтган, халқаро экспертлар иштирокидаги илмий-амалий семинар давомида маълум қилинди. Таъкидлаш жоизки, бу жараёнга тайёргарлик бир неча босқичларда амалга оширилди. Энг асосийси, 197 та асосий, 368 та умумий стандарт,1032 та қўшимча кўрсаткичлар бўйича техник ва маъмурий инфратузилма янгиланди, шифокорлар, ҳамширалар ва бошқа мутахассислар махсус тренинглар ва онлайн вебинарлар орқали тайёргарликдан ўтказилди.
Аккредитация жараёнида халқаро аудит ташкилоти – JCI томонидан қуйидаги муҳим йўналишлардаги иш фаолияти атрофлича баҳоланди:
Пациент хавфсизлиги ва ҳуқуқлари, Анестезия ва жарроҳлик стандартлари, Инфекциялар назорати, Дори-дармонларни бошқариш, Бинолар ва техник хавфсизлик, Сифатни яхшилаш ва ташкилот менежменти каби кўплаб соҳалар.
Эътиборли жиҳати шундаки, нафақат тиббий ходимлар, балки техник хизмат кўрсатувчи мутахассислар ҳам халқаро сертификатга эга бўлишди.
Агар яқин кунларда мазкур аккредитация расмийлашса, Сирдарё вилоятида 1-муассаса, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги маркази таркибидаги 7-муассаса сифатида JCI томонидан эътироф этилган бўлади. Бу нафақат вилоят, балки бутун мамлакат учун қувончли хабар бўлиб, халқимизга сифатли ва хавфсиз тиббий хизмат кўрсатишда янги даврни бошлаб беради.