Экология вазири маслаҳатчиси Р.Кушербаев Янгийўл тумани ички ишлар бўлимига чақирилганлиги юзасидан ахборот
Маълум қиламизки, жорий йилнинг 19 апрель куни фуқаро Р.Ф. Янгийўл тумани ИИБга киритган шикоят аризасида, Экология вазирининг маслаҳатчиси Р.Кушербаев, унга нисбатан ижтимоий тармоқлар орқали шахсни шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда ҳақорат қилувчи маълумотлар тарқатганлигини баён қилган.
Ушбу иш доирасида ҳозирги вақтда терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётганлиги муносабати билан, жорий йилнинг 19 апрель куни Р.Кушербаев қонунда белгиланган тартибга кўра, ИИБга чақиртирилган ва тегишли процессуал ҳаракатлар амалга оширилди.
Жиноят-процессуал кодексининг 157, 159-моддаларига асосан терговга қадар текширувни ҳар томонлама тўлиқ ва сифатли олиб борилишини таъминлаш ҳамда аризачи баён этган ҳолатларга аниқлик киритиш учун тергов бўлинмаси томонидан қарор чиқарилиб, Р.Кушербаевга тегишли мобиль телефони вақтинча олиниб кўздан кечрилган.
Мазкур иш доирасида, процессуал ҳаракатлар давом эттирилмоқда.
Р.Кушербаев ва айрим жамоатчилик фаоллари томонидан тарқатилаётган гўёки асоссиз ариза бўйича ушлаб турилиши, мобиль телефоннинг аҳамиятсиз олиб қўйилиши ёки қандайдир алоҳида суриштирувлар олиб борилаётганлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ эканлигини таъкидлаймиз.
Фуқаронинг аризаси мамлакатимизнинг қонун ҳужжатларига кўра, тўлиқ текширилиши ва ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Шу билан бирга, ҳар бир процессуал ҳаракатнинг асослилиги ва қонунийлиги устидан ўрнатилган тартибда шикоят келтирилиши ҳам мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ, жамоатчилик субъектларидан асоссиз маълумот тарқатмасликларини сўраймиз.
Қонунлардаги ахборот тарқатиш юзасидан белгиланган талаблар барча учун мажбурийдир.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг фаолиятига аралашиш ва маълум бир мақсадда ишни кўриб чиқиш натижаларига, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали таъсир қилишга уруниш, белгиланган тартибда жавобгарлик келтириб чиқаришини эслатиб ўтамиз.
| Telegram | Youtube | Сайт | ВКонтакте | Instagram |