10 йил аввалги шеър...
ҲАЗРАТИМ
1.
Бугун ўз отамни сўнгги манзилга
Кузатиб қўйгандек бўшашиб қолдим.
Изтироб сиғмайин кўзга, кўнгилга,
Бағрини куйдириб қоғозга солдим.
Бўйнимда зил-замбил юкка айланиб,
Ҳайҳот, эзаётир мунгли ҳасратим.
Бунда диллар қолур дардга бойланиб…
Абад манзил сари кетар ҳазратим.
Қабристон – охират йўлининг боши
Табаррук инсонни кутаётир жим.
Туғилишга баъзан йўғу иложи,
Ўлимдан бенасиб қолмайди ҳеч ким.
Қўлларда тобутмас, дунё чайқалар
Йиғлар, юпатганга боқмайди қиё.
Маъюсланиб анбар ортидан қарар.
Юрагин йўқотган Ўрта Осиё…
Туркистон бемадор, беҳол, бемажол,
Тошкент бергиси йўқ бахт қуёшини.
Андижон не этиб юпатар, савол,
Шайхи ташлаб кетган Булоқбошини…
Қалбдан чиқиб келиб ғамланиб чопиб
Истиржо жаҳонга ҳаводай тўлди…
2.
…Устоз китобларин қидириб топиб.
Кўпроқ ўқимоқнинг фурсати бўлди.
Уч кунлик ой каби ёришиб, ёниб
«Тафсири ҳилол»лар сочаётир нур.
Ҳадис шарҳларидан ҳаёт қувониб,
Токи ўлгунича яшайди масрур.
Набий меросхўрин меросларидан,
Сайқалланиб борар онгу шууримиз.
Ошиб бораверар ўқиб баридан
Тасаввуф ҳақида тассавуримиз.
Битикларин кўзга тўтиё билиб
Кучлар топа олсак, юзга сургани.
Барини ўрганиб, амаллар қилиб,
Шоядки, тақводор бўлсайдик, қани…
Миллатга ҳаётбахш фидоий кўмак
Олим ўлса агар, ўларкан олам,
Мен ҳам шу оламнинг зарраси, демак,
Демак, ҳақиқатки, ўлибман мен ҳам!..
Хотира – эҳтиром бешигидир чин,
Ёдлар ёритгайдир юрак ойнасин.
Эслаганда ҳар дам дуоларда тил
Ул зотни Роббимиз раҳмат айласин!
Ўткирбек Муҳаммадсобир
https://t.me/utkirbek_muhammadsobir