"Ташмачилик" яратилган сунъий муаммонинг оқибати, сабаби эмас
Божхона қўмитаси жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб кириш тартибининг янада қаттиқлашганига изоҳ берипти.
Бир сўз билан айтганда, ўтган ёмон эпохадаги "10 долларлик" қонунга менгзаб "2-3 кун" қонуни деб ном берса бўладиган навбатдаги тақиқларни божхоначилар ташмачиликка қарши кураш билан изоҳлашган.
Биттагина иқтибос: "Натижада, ташмачилар кўмагида йирик партиядаги товарлар майда партияларда ҳеч қандай божхона тўловларисиз Ўзбекистон ички бозорига кириб келмоқда".
Жуда узун матнда ташмачиликка (бу сўз ўзи совок-ОБХСС даври штамларидан), аслида тижорий моккиликнинг авж олгани сабабларига тўхталмаган. Нима учун узоққа бормайлик, қўшни қардош қозоқлар ва қирғизлар шунақа сиз айтгандек "ташмачилик" билан шуғулланмайди? Нима учун Дубай ё Истамбул аэропортларида фақат ўзбекистонликлар ўзлари билан бошқа йўловчиларни ҳам товар "ташмачилиги"га жалб қилишади? Бир ўйлаб кўринг. Биласизку сабабларини.
Балки аждарҳо божлар мавжудлиги туфайлидир? Бир тўда "маҳаллийлаштирувчилар" ва маҳаллий "импортерлар" фойдасига киритилган аждарҳо божларни олиб ташланг. Ишонинг, ҳеч ким чегара ошиб телефон-у, кондиционер олгани қўшни давлатларга бормайди. Нормал давлатлардаги каби товарлар ўзаро рақобатлашувчи ва энг оптимал импорт каналлари орқали кириб келади, соғлом бозор пайдо бўлади. Истеъмолчи камбағаллашмайди.
Ҳа, айтгандай, мен ташмачилик билан шуғулланадиган яна икки жой борлигини биламан: Турк қардошлар Грузиянинг Батумисига алкоголь, тамакидан тортиб компьютерларгача бўлган товарларни сотиб олгани келишади. Ишонмасангиз, Сарпидаги постга бориб ўз кўзингиз билан кўрсангиз бўлади.
Бундан-да даҳшатли манзара Колумбия-Венесуэла чегараларида токи Венесуэла ҳукумати чегараларни ёпиб қўймагунча кузатилган. Ҳар куни ўнминглаб венесуэлаликлар телефон ё смартфон учун эмас, шунчаки овқат ёки дори-дармон олиш учун қўшни давлатга ўтиб келишган. Венесуэла ҳукумати халқи уни "шарманда" қилаётганида айблаган (балки бизнинг амалдорлар ҳам ўзбек моккилар бизни шарманда қилишаяпти, деб ўйлашаётган бўлса ажаб эмас).
Яна қайтараман, сизларга ёқмаётган ташмачиликни тугатишнинг ва шарманда бўлмасликнинг энг осон йўли аждарҳо божларни бекор қилиш. Йўқ, биз ҳақмиз деган позицияда маҳкам турилса, бу оқим барибир яна давом этаверади. Фақат контрабанда каналлари орқали. Кейин контрабандага қарши курашиш учун янги ва янги тақиқларни ўйлаб топишга тўғри келади. Ҳали худди эски замонларидек, Ўзбекистон чегараларида эмас, мамлакатимиз ичида, масалан яна Қамчиқ довонида божхона пости қад ростлайди.