2025 йилда болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган 50 номда янги асарлар яратилади – Асаджон Ходжаев
Бугун Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остида V Республика “Китобхонлик ҳафталиги”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда турли давлат идоралари раҳбарлари, адиблар, ахборот-кутубхона мутахассислари, жамоатчилик фаоллари, китобхонлар иштирок этди.
Ҳафталикни очилиш маросимида сўзга чиққан АОКА директори Асаджон Ходжаев сўнгги йилларда мамлакатимизда ноширлик-матбаа фаолияти, ахборот-кутубхона хизматларини янада яхшилаш, китоб тарғиботини кенгайтириш, мутолаа маданиятини ошириш, таржима йўналишини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди.
“Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базаси такомиллаштирилди; Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган матбаа ускуналари ва қоғоз хомашёси божхона божидан, шунингдек, нашриёт ва матбаа корхоналари эса фойда солиғидан озод этилди.
Китобхонликка оид инфратузилмани мустаҳкамлаш борасида 60 дан ортиқ вилоят, туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказларида капитал-қурилиш ишлари амалга оширилиб, замонавий хизмат кўрсатиш талаблари асосида китобхонларга фойдаланиш учун топширилди. Жумладан, 18 та ахборот-кутубхона маркази янгидан қурилди, деди А.Ходжаев.
📔 Қайд этилишича, 2020-2024 йилларда нашриётлар сони 3,5 баробарга ошиб, бугунги кунда салкам 600 тани ташкил этмоқда. Улар томонидан ҳар йили ўртача 11,6 минг номдаги, ўтган беш йилда эса жами 197,9 млн. нусхада адабиётлар чоп этилди.
Ҳафталикнинг очилиши маросимида “Туркий адабиёт дурдоналари” асарлар мажмуаси Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент ва Ижод мактабларига, шунингдек, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлиги хизматига таркибидаги Темурбеклар мактаби ва Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий академик лицейларга тақдим қилинди.
2025 йилда болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган яна 50 номда янги асарлар яратилади. Бундан ташқари бевосита Агентлик ташаббуси билан “Буюклар болалиги” номли ижтимоий буюртмалар лойиҳаси таъсис этилиб, унда юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар,мутафаккир ва адиблар, шоирларнинг болалиги ҳамда уларнинг шахс сифатидаги фазилатларини очиб берувчи янги бадиий асарларга буюртма берилди. Шу кунга қадар мазкур лойиҳа асосида 15 дан ортиқ асарлар яратилди, деди АОКА директори А. Ходжаев.
Очилиш маросимида сўзга чиққанлар Китобхонлик ҳафталиги каби миллатга чин маънода маънавий озуқа берувчи тадбирлар кўламини кенгайтириш нафақат билим, тажриба, кўникма бериши, балки мамлакатнинг ёрқин келажаги учун мустаҳкам пойдевор бўла олишини таъкидлашди.
Маълумот учун: Ҳафталик доирасида республика бўйича 1000 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар, шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Dream park” истироҳат боғида ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларидаги маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек, туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларида “Ноширдан китобхонга” тамойили асосида китоб савдо-ярмаркалари ўтказилади.
Бундан ташқари, 25-26 апрель кунлари Ёзувчилар уюшмасининг “Паркент ижод уйи”да ташкил этиладиган ноширлар ва муаллифлар учрашувида болалар ва ўсмирлар адабиётини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган
Telegram |
Youtube |
Facebook |
Instagram |
Медиабанк |
Сайт