Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда обрўси ошиб
бораётгани эътироф этилди
Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг Грузия Парламенти Спикери Шалва Папуашвили бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон — Грузия ҳамкорлиги — иқтисодий, маданий-гуманитар каби барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Шунингдек, бизнес, туризм ва логистика соҳаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Мулоқот чоғида делегация аъзоларига мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.
Конструктив руҳда ўтган учрашувда Ўзбекистон — Грузия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Парламентлараро Иттифоқнинг юбилей ассамблеяси ишида Грузия делегациясининг иштироки парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳолати ва устувор йўналишларини муҳокама қилиш учун муҳим платформа вазифасини бажараётгани қайд этилди.
Ш.Папуашвили ўз навбатида, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган мувозанатли, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини алоҳида эътироф этиб, амалий руҳдаги учрашувларни изчил давом эттириш, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш икки томон манфаатларига бирдек хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, у Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда обрўси ошиб бораётгани, шу кунларда делегация аъзолари Ўзбекистон ҳақида катта таасуротларга эга бўлаётгани, мазкур саммит майдонида кун тартиби бўйича муҳим ташаббусларни илгари суриш имконияти туғилгани алоҳида эътироф этди.
Учрашувда томонлар икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришда парламентларнинг имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш лозимлигини таъкидладилар.
👉
КАНАЛГА УЛАНИШ