☑️ Давлатимиз раҳбари Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеясида қатор ташаббусларни илгари сурди
Президентимиз Тошкент шаҳрида ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ялпи мажлисида жаҳонда юз бераётган бугунги глобал ўзгаришлар Парламентлараро Иттифоқ ва миллий парламентларимиз олдига янгидан-янги вазифаларни қўяётганини таъкидлаб, қатор ташаббусларни илгари сурди. Ушбу нуфузли тадбирда мен ҳам қатнашдим.
Биринчидан, жаҳоннинг турли минтақаларидаги низолар глобал ва минтақавий тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солмоқда. Ўзбекистон ҳар қандай зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат дипломатия ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори экани яна бир бор таъкидланди.
Иккинчидан, иқлим ўзгариши мавзуси Ассамблеянинг кун тартибидаги бош масалалардан бири сифатида доимий ўрин олиши кераклиги айтилди.
Учинчидан, Ўзбекистон ташаббусимиз билан илгари сурилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Осиё хотин-қизларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар фаоллигини ошириш тўғрисида”ги резолюциясини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Тўртинчидан, Парламентлараро Иттифоқ тизими доирасида Ёшлар парламентлари глобал платформасини ташкил этиш ва унинг таъсис форумини Ўзбекистонда ўтказиш таклиф қилинди.
Бешинчидан, шу йил сентябрь ойида юртимизда бўлиб ўтадиган камбағалликни қисқартиришга бағишланган халқаро конференция ишида бугунги Ассамблеяда иштирок этаётган барча давлатларнинг парламентлари вакилларини фаол иштирок этиш учун таклиф қилинди.
Яна бир муҳим масала, сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича модель қонун ишлаб чиқиш зарурлиги айтилиб, ушбу инновацион ҳуқуқий асос дунё миқёсида тез ривожланаётган ушбу соҳани самарали тартибга солишда барча давлатлар учун ўзига хос намуна бўлишлиги таъкидланди.
Далатимиз раҳбари мазкур барча таклиф ва ташаббуслар Парламентлараро Иттифоқнинг Стратегияси мақсадларига тўла мос келишини қайд этди. Шу билан бирга, ёндашувларимиз бугунги тарихий Ассамблея якунлари бўйича қабул қилинадиган Тошкент декларациясида ҳам ўз ифодасини топишига ишонч билдирди.
@a_xaitov