Кутилмаган касаллик ва болалар шифокори
Ўтган ҳафта қизларим бирдан, бир хил симптомлар билан оғриб қолди. Бир йилдан бери касаллик нима билмай келаётгандик☹️
Томоқ қизариши, ҳолсизлик, иситмадан кейин йўтал, бурун оқиши бошланди. Икки кун уйда кўпроқ суюқлик, шўрва, иситма туширадиган сироплар ичириб, даволашга ҳаракат қилдим. Қарасак, иссиғи 40 дан тушмаяпти. Қўрқиб, оилавий шифокорга олиб бордик.
Доктор Хоним иситмани тушириб, ваҳима қилмасликни ва аввалги муолажани давом эттиришни айтди. Йўталига дори ёзасизми десам: “Мумкинмас! 7 ва 3 яшар болага йўтал дори бериб бўлмайди. 9 ёшдан кейин буюрилади!” дейди. “Биз юртимизда берардик” десам, “Биз ҳам Покистонда банка-банка ичирамиз” дейди кулиб.
Уйга қайтдик. Лекин икки кундан кейин каттамнинг қулоғи оғриб қолди (3 йил аввал қулоғи операция бўлганди).
Эндиям ваҳимага тушиб, уйимиз олдидаги болалар тез тиббий шифохонасига югурдим.
Қабулхонада боланинг вазни, иссиғини ўлчаб, рўйхатга ёзишди. Ўпкасини текширишди. Ҳозир Албертада қизамиқ тарқалганига қабулхонада қатъий режим ўрнатилибди.
10 дақиқадан кейин махсус аппаратлари бор хонага киргач, ҳамшира ғилдиракли компютерини судраб келди. Бир бошдан касаллик тарихини ёзди. Чақалоқлигида нималар билан оғригани, олинган вакциналаригача сўради.
Кичкинамга ҳам шундай тарих ёзди. Сўнг иккаласини ҳам обдон текширди. Шундай кейин шифокорни чақириб, унга ёзган тарихини кўрсатди ва у ҳам яна қайтадан текширди.
Дори ёзмайман, деди доктор. Иситма биз учун яхши сигнал – боланинг иммунитети касаллик билан курашяпти. Кўпроқ сув беринг, иштаҳасиз бўлса, овқатга мажбурламанг, сўраса, музқаймоқ ҳам бераверинг деди. Томоғи қизарган-ку, десам, майли, шу ҳам болага қувват дейди 😧 Фақат иситма туширадиган сироп ёзди.
Болалар қаттиқ шамоллаган, холос, фақат каттасига антибиотик ёзишга мажбурман, шекилли, деди. Роса ўйладим, ёзмасам бўлмаскан. Чунки касаллик қулоқда яхши ривожланади, муҳити қулай дейди.
Антибиотик рецептини 1 соат ёздиёв :) Ичкарида аптека ҳам бор экан. Дори ярим соатда тайёр бўлди. Тайёр антибиотик йўқ, фармацевт ҳаммасини ўлчаб бераркан ва буни қандай ичиришимни тушунтириб, махсус муз пакетга солиб берди. “5 кундан ортиқ ичмасин, ортиб қолган дорини тўкиб ташланг!” деди.
Илк хулосам: Канададаги болалар шифокорлари ўта хотиржам, бемалол ва шамоллаш ёки гриппга бир деганда антибиотик ёзиб бермаскан. Антибиотик – сўнгги чора. Болани табиий даволашга (сув, шарбат, шўрва, қайнатилган/буғланган овқат бн), иммунитетини ўзи курашишига қўйиб беришаркан. Ҳатто чупа-чупс, музқаймоқ, муздек сув бериш ҳам мумкин экан. Аввал касаллик тарихини яхшилаб ўрганиб, икки ҳамшира ва доктор консилиум қилгачгина даволашга ўтаркан.
@chnizomiddinova