Ню Йорк романларим рўйхати
Анчадан бери НЙ ҳақидаги романларим рўйхатини ёзмоқчи бўлиб юргандим, яқинда қилган саёҳатим баҳонасида буларни бир жойга жамлагим келди 😊
Ню Йоркка илк бор йигирма икки ёшимда бориш насиб қилган. Қайтиш чоғи аэропортга борадиган Рузвелт шоссесида, Верразано кўприги олдида туриб, яна қайтиб келиш насиб қилсин, деб ёш болаларча ният ҳам қилганим эсимда.
Ундан бери бир неча марта бордим. 2013 йилда Коламбия университетининг аспирантлар конференциясига таклиф олганимда, Манҳаттанда илк бор турдим.
Аммо НЙ ҳақидаги тасаввуримни асосан романлардан олганман, десам, муболаға бўлмайди. Ўзим буни ўша даврда тушунмаган бўлсамда, бу тасаввур илк бор 2000 йиллар бошларида Ж. Д. Селинжернинг "Жавдар даласидаги тўп тутувчи" (The Catcher in the Rye) романи билан бошланган. Труман Капотенинг "Тиффанисда нонушта" новелласи бу буюк шаҳарга қизиқишимни орттирган. Кейинчалик ўша даврда энг севимли ёзувчим бўлган Пол Остер таъсири остида бу тасаввур кенгайиб борди. Буюк романчи Э. Л. Доктороу қаламига мансуб "Рагтайм" номли шоҳасардан баҳра олди. Йиллар ўтиб, Дон ДеЛилло, Франсис Скотт Фицжералд каби ажойиб ёзувчилар томонидан тўлдирилди.
Яқин йилларда эса, Клэр Мессуд ва Аттикус Лиш каби истеъдодли адибларнинг Ню Йорк романлари мени ҳайрон қолдирди.
"Ню Йорк романи" деганимда воқеаси НЙда юз берадиган, шаҳарни диққат марказида тутадиган романларни назарда тутаман.
Кўп гапирмасдан, шу пайтгача ҳаёлимда йиғиб юрганим Ню Йорк романларим рўйхатини пастда ўзим ўқиган тартибда ёзсам. Ҳар бир роман ҳақида алоҳида бир ёзув ёзишим мумкин, аммо ҳеч нарса демаганим маъқул, чунки яхши адабиёт ўз сўзини ўзи айтади. Романларнинг кўпи ўзбек тилида чоп қилинмаган, шу сабаб инглизча номи ва Википедияга ҳаволани ҳам қўшиб қўйдим (спойлерларсиз ўқишни истаганлар Викидаги таърифни ўқиманг 😊)
- Ж. Д. Селинжер, "Жавдар даласидаги тўп тутувчи" (
The Catcher In the Rye)
- Франсис Скотт Фицжералд, "Буюк Гатсби" (
The Great Gatsby)
- Э. Л. Доктороу, "Рагтайм" (
Ragtime)
- Труман Капоте, "Тиффанисда нонушта" (
Breakfast at Tiffany's)
- Пол Остер, "Ню Йорк учлиги" (
The New York Trilogy)
- Дон ДеЛилло, "Космополис" (
Cosmopolis)
- Клэр Мессуд, "Император болалари" (
The Emperor's Children)
- Аттикус Лиш, "Кейинги ҳаётга тайёргарлик" (
Preparation for the Next Life)
Фақат роман эмас, creative nonfiction жанрида Ню Йорк ҳақида ўқишни хоҳласангиз, Оливия Лэнгнинг "Ёлғиз шаҳар" (
The Lonely City) номли ажойиб китобини чин юракдан тавсия қиламан.
Айни пайтда, Ню Йорк Таймсда уч АҚШлик ёзувчи ўзларининг
25та энг муҳим Ню Йорк романини танлаган мақолани ўқиб, қуйидаги романларни ўқишни режа қилиб қўйдим:
- Чангрэ Ли, "Тил эгаси" (Native Speaker)
- Жонатан Летем, "Ёлғизлик қалъаси" (The Fortress of Solitude)
- Ралф Эллисон, "Кўринмас одам" (Invisible Man)
- Жон Дос Пассос, "Манҳаттандан ўтиш" (Manhattan Transfer)
- Майкл Шейбн, "Кавалиер ва Клэйнинг ажойиб саргузаштлари" (The Amazing Adventures of Cavalier and Clay)
- Тежу Коул, "Очиқ шаҳар" (Open City)
- Жей Макинерни, "Катта шаҳарнинг порлоқ чироқлари" (Bright Lights, Big City)
- Дон ДеЛилло, "Яширин дунё" (Underworld)
Сизлар бу романлардан қайсиларини ўқигансиз? Яна қайсиларини ўқимоқчисиз?
#Адабиёт #Китоблар #Саёҳатлар #НЙ
@profsherzod