Сессияда вилоят ташкилотлари раҳбарлари ҳисобот берди, бозорлар ва мактаб ошхоналаридаги санитар ҳолат танқид қилинди
Жорий йилнинг 25 апрель куни халқ депутатлари Каттақўрғон тумани Кенгашининг еттинчи чақириқ тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишини туман ҳокими, Кенгаш раиси Жамшид Насриддинов олиб борди. Унда туман сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар, депутатлар, вилоят ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессия кун тартибида туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига дахлдор 11 та муҳим масала муҳокама қилинди. Жумладан:
👍2025 йилги вегетация мавсумида суғориш ва саноат-техник эҳтиёжлар учун ажратилган сув лимити тасдиқланди;
👍туман маҳаллий бюджетининг эркин қолдиқ маблағларидан фойдаланиш бўйича қарор қабул қилинди;
👍жамоатчилик фикри асосида ғолиб лойиҳаларни танлаб олиш ва уларни молиялаштириш масалалари кўриб чиқилди;
👍Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатлар таҳлили, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллий бюджет ижроси ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасига оид ҳисоботлар тингланди.
Сессияда айрим масалалар бўйича танқидий муҳокамалар ҳам бўлиб ўтди. Хусусан, Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбарининг ҳисоботида камчиликлар, бозорлар ва мактаб ошхоналаридаги санитар ҳолат аниқлангани боис, депутатлар томонидан ҳисобот қабул қилинмади. Камчиликлар бартараф этилгандан сўнг, ҳисоботни келгуси сессияда қайта тинглаш белгиланди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий бўлинмаси раҳбари Рустам Олимовнинг ҳисоботи эса 2024 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан танқидий баҳоланди. Унинг ҳисоботи тўлиқ қабул қилинмасдан, 2025 йилда мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва кейинги сессияда ҳисобот билан яна қатнашиши шартлиги белгиланган ҳолда шартли равишда маъқулланди.
Сессия якунида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, масъулларга аниқ вазифалар юклатилди. Депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида аниқ чора-тадбирлар белгиланди.