АГРОИНСПЕКЦИЯДА ЯШИРИЛГАН БЎШ ИШ ЎРИНЛАРИ — ҚОНУНГА ХИЛОФ ЭМАСМИ?
Навоий вилояти Агроинспекциясида қонун ва тартиб-интизомга риоя этилмаётгани ҳақида жиддий саволлар пайдо бўлмоқда. Вилоят Агроинспекцияси раҳбари Суннат Худойназаров томонидан ташкилотдаги бўш иш ўринларини мунтазам равишда яшириш ҳолатлари кузатилмоқда.
17 март куни Бошқарма техника ҳолатини назорат қилиш шўъба бошлиғи ишдан бўшаган. Бироқ, қонун талабига кўра бу бўш иш ўрни "Аргос" тизими орқали эълон қилиниши шарт бўлса-да, ҳозиргача яшириб келинмоқда.
Бундан ҳам ажабланарлиси, 1 апрель куни Кармана туман бўлими бошлиғи этиб Достон Ахатов тайинланган. Ушбу тайинлов "Аргос" орқали тест ва суҳбат жараёнларисиз амалга оширилгани қонунбузарлик эмасми? Қолаверса, ушбу лавозим бўш иш ўрни сифатида ҳам эълон қилинмаган.
Худди шундай ҳолат 15 апрель куни Хатирчи туманида ҳам кузатилган — ходим ишдан кетган, аммо бўш иш ўрни яна "махфий" сақланмоқда. Нега?
Энг ташвишлиси шундаки, бу ҳолатлар фақат Агроинспекция доирасида эмас, балки вилоят Адлия бўлими ва "Аргос" тизими масъуллари томонидан ҳам назорат қилинмаяпти. Қонун бузилаётганига қарамасдан, тегишли ташкилотлар нима учун сукут сақлаяпти? Улар ҳам манфаатдорми?
Ҳар бир ишдан бўшаган лавозим "Аргос" базасида дарҳол акс этиши шарт. Аммо амалиётда нима учун бу қоидаларга риоя қилинмаяпти?
Суннат Худойназаровнинг бўш иш ўринларини яшириб келишидан мақсад нима?
Тегишли ташкилотлардан жамоатчилик аниқ жавоб кутаяпти. Қонун ҳамма учун баробар бўлиши керак эмасми?
💬
Telegram |📱
Facebook |
🐦
Twitter |📱
Instagram | ▶️
YouTube