Your trial period has ended!
For full access to functionality, please pay for a premium subscription
Message
EL
ELTUZ
150.4K subscribers
69
34
32 k
187 МИЛЛИОНЛИК "ИШОНЧ" ЁХУД ХЎЖАОБОДДА ТЕНДЕРЛАР "ӮЙИНИ"

Хўжаобод тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан 2025 йил 21 февралда “MUNS ISHONCHLAR 777” масъулияти чекланган жамияти билан умумий қиймати 187 миллион сўмлик аутсорсинг асосида кир ювиш хизмати бўйича шартнома имзоланган. Расмий ҳужжатларга кўра, ушбу шартнома очиқ электрон танлов орқали тузилган деб кўрсатилган бўлса-да, танлов жараёни таҳлил қилинганда, тендер шаффофлигига нисбатан жиддий саволлар пайдо бўлади.

Биринчидан, ушбу шартнома бўйича электрон тендерда иштирок этган бир нечта корхона анча арзон таклиф билдирганига қарамасдан, қиммат нарх таклиф этган компания танлаб олинган. Масалан, “LUCKY KINDER GARTEN” МЧЖ 12 миллион сўм, “HUMO BRB” МЧЖ эса 16,8 миллион сўм таклиф этган бўлса-да, 17 миллион сўм таклиф қилган “MUNS ISHONCHLAR 777” МЧЖ ғолиб деб топилган. Бундан ташқари, ушбу танловда иштирок этган барча корхоналар техник ва ҳуқуқий мезонлар бўйича тенг баҳоланган, аммо ғолиб сифатида энг юқори нархни таклиф этган компаниянинг танланиши жуда шубҳали ва ғалатидир.

Тендер комиссияси таркибида эса бирлашманинг ўз ходимлари, жумладан хўжалик мудири, бош ҳисобчи ва раҳбарнинг ўринбосари бўлган. Энг муҳим жиҳати шундаки, мазкур комиссия раиси — туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Сардорбек Асқаров ҳисобланади. Яъни у шартномани тасдиқловчи, ижрочи ва назоратчи вазифасини бир шахс сифатида бажармоқда.

Агар эътибор берилса, Сардорбек Асқаров 2024 йилда ҳам шунга ўхшаш ҳолатда — “CAMDRIVE UNIVERSAL” МЧЖ билан 450 миллион сўмлик шартномани тендерсиз тузгани учун судланган. Суд ҳужжатларига кўра, мазкур ҳолатда Асқаров давлат харидлари қонуни талабларини бузгани учун Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1758-моддаси 3-қисми бўйича айбдор деб топилган ва 2.380.000 сўм жаримага тортилиб, иш жойида қолдирилган.

Ушбу ҳолатлар таҳлил қилинганда, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятида давлат харидлари тизимига нисбатан бепарволик ёки ундан фойда кўриш мақсадида ташкил этилган “ички схемалар” мавжудлиги яққол намоён бўлади. Судланган шахс яна тендер комиссияси раиси этиб тайинланса, ва бу комиссия энг арзон таклифларни четга суриб, кўпроқ маблағ талаб қилувчи компания билан шартнома имзоласа, бу холис ва шаффоф бошқарув мезонларига зид ҳолат саналади.

Мавжуд ҳолат давлат харидлари тизимида коррупция ва манфаатлар тўқнашуви хавфини ошириши, маҳаллий бюджет маблағларининг самарасиз сарфланишига олиб келиши мумкин. Шу муносабат билан масаланинг тўлиқ ҳуқуқий ва молиявий экспертизадан ўтиши, айбдор шахслар ва манфаатдор томонлар аниқланиши, тендер натижалари қайта кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Давлат харидларида шаффофликни таъминлаш, барча иштирокчиларга тенг шароит яратиш ва қонунбузарликларнинг олдини олиш — давлат тизимига ишончни тиклашнинг энг асосий омилларидан биридир.


💬Telegram |📱Facebook |
🐦Twitter |📱Instagram | ▶️YouTube
04/25/2025, 15:29
t.me/eltuz2022/34556
Similar message chronology:
Newest first
Similar messages not found