ЎЗБЕК СУДЬЯЛАРИ ЎЛИКЛАРДАН ҲАМ ҚАРЗ УНДИРА БОШЛАШДИ
2025 йил 11 март куни Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси Дилшод Ҳасанов бир қарашда оддий қарор чиқарди: қарздорлик бўйича 2,1 миллион сўм ундириш. Аммо қарордаги "қарздор" — 2024 йил 9 июнь куни вафот этган шахс эканини билганингизда, бу оддий иш эмаслигини тушунасиз.
Ҳа, суд ҳужжатларига кўра, бир йилдан бери ҳаётда йўқ инсондан қарз ундирилиши ҳақида қарор чиқарилган. Ваҳоланки, марҳумнинг турмуш ўртоғи судга келиб, ўлим ҳақидаги гувоҳномани тақдим этганини таъкидламоқда.
Бу ерда икки оғриқли савол туғилади: 1. Судья ушбу қарорни чиқарар экан, иш материалларини қай даражада ўрганди? 2. Суд тизимида инсон ҳаёти ва ўлимига бўлган ҳурмат қачон ўз ўрнига қўйилади?
Бу фақат битта судья чиқарган хато қарор эмас, балки бутун тизимдаги масъулиятсизлик ва беэътиборликнинг ёрқин намунаси. Суд — адолат маскани бўлиши керак. Аммо бундай қарорлар фақат адолатга бўлган ишончни емириши турган гап.
Агар судьялар тирик билан ўликни фарқлай олмаса, фуқаролар ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилиши мумкин?
Суд жараёнида тақдим этилган ўлим гувоҳномасига қарамасдан, марҳумдан қарз ундириш ҳақида қарор чиқарилиши — бу нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий нуқсон ҳамдир. Судья ҳар бир қарор ортида инсон тақдири туришини унутмаслиги керак.
Биз бу ҳолат бўйича Олий суд ва тегишли органлардан изоҳ ва чора кўришларини талаб қиламиз.
Судья хатоси кечирилмаслиги лозим, чунки бундай хато фақат қоғозда эмас — инсон қадрини поймол қилишда намоён бўляпти.
💬
Telegram |📱
Facebook |
🐦
Twitter |📱
Instagram | ▶️
YouTube