ЯНГИБОЗОР ТУМАНИДА ФЕРМЕРЛАРДАН ОММАВИЙ ПОРА ТАЛАБ ҚИЛИНМОҚДА
Хоразм вилояти Янгибозор тумани фермерлари туман ҳокими ва вилоят раҳбарияти томонидан системали равишда порахўрлик ва тазйиққа дуч келмоқда. Бу ҳақда туман фермерлари номидан мурожаат келиб тушди.
Маълумотларга кўра, Янгибозор тумани ҳокими Руслон Жуманиязов фермерларни кабинетга чақириб, турли баҳоналар билан катта миқдорда пул йиғишни одат қилган. Айтилишича, ҳоким вилоят раҳбари Журабек Раҳимов учун 300 минг АҚШ доллари йиғилишини очиқ айтган.
— Ерларимиз тугаяпти, агар пул бермасанг, ерингни бошқаларга пул эвазига сотаман, деб қўрқитмоқда. Фермерликдан туйдик. Ҳар бир гектар очиқ қолган ер учун 500 доллар талаб қилиняпти. Жами 1300 гектар ер ана шундай "сотилди",
— дейди фермерлардан бири.
Фермерларнинг маълум қилишича, 2025 йил учун ажратилган пахта майдонларини очиқ қолдириш (яъни ерни сақлаб қолиш) учун катта миқдорда пора берилиши талаб қилинган.
Қайд этилишича, шоли топширган фермерлар ҳам пулини ололмаган. Янгибозор туманида 4000 тонна шоли қабул қилинган бўлиб, фермерларга бир сўм ҳам берилмаган. Бу масалада вилоят ҳокими Журабек Раҳимовнинг бевосита иштирокидаги схемалар тилга олинмоқда.
Фермерлар томонидан келтирилган мисоллардан баъзилари:
• "Шердор Бирдамлиги" ФХ — 15 000 $
• Шоира Ҳафиза — 6 000 $
• Рустам Шоҳжаҳон — 20 000 $
• Ойбек Туравай ўғли — 10 000 $
Шу каби ўнлаб фермерлардан пул йиғилгани ва бунга оид тўлиқ рўйхат мавжудлиги таъкидланмоқда. Фермерлар ушбу ҳолат юзасидан далилларни пахта мавсуми тугагач, жамоатчиликка эълон қилишини маълум қилишган.
Айни вақтда фермерлар бу порахўрлик тўхтамаса, ОАВ орқали ва давлат раҳбариятига очиқ мурожаат қилиш ниятида эканликларини билдиришмоқда.
💬
Telegram |📱
Facebook |
🐦
Twitter |📱
Instagram | ▶️
YouTube