ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИНИНГ НОТЎҒРИ ТАЛҚИНИ
Қорақалпоғистон Республикаси педагогик маҳорат маркази директори В.Ж.Бекмуратованинг масъулиятсизлиги натижасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 19-майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган тил сертификатини олган ўқитувчиларга харажатлари қайтариб берилмай, марказ админстрацияси ва бош бухгалтери Е.Қутлимуратов билан биргаликда моддий ва маънавий зарар етказиб келиняпти.
Аслида Қарорга кўра, ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқитувчиларига чет тиллари бўйича халқаро (C1) даражадаги сертификат олиш учун имтиҳонга сарфланган сумма давлат бюджетида малака оширишга ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланиши назарда тутилган. Аммо шундай бўлса-да, 2024-йилнинг октябридан 2025-йилнинг апрель ойигача ҳеч бир ўқитувчига пул маблағлари қайтарилмади.
Марказга ҳар борганимизда бош бухгалтер Е.Қутлимуратов, академик фаолият бўйича директор ўринбосари A.Қайпназаров, ижро интизоми бўйича бош мутахассис С.Реймовлар бизга жеркиб муносабатда бўлади.
Шунча олис туманлардан ҳаражат қилиб борсак қабулига киритмайди, ёки “сабр қилинглар”, “уйларингизга хат юборамиз” деб уришиб беради. Олдинроқ топширган ўқитувчиларнинг ҳужжатларини рўйхатга олинган бўлишига қарамай йўқ қилиб юборган. Натижада қайта топширишга мажбур бўляпмиз.
Иш ўринларимизга юқорида кўрсатилган тартибда хат келмоқда. Бу хатда тўлаб бериш ўрнига ўрганиб чиқилаётгани таъкидланади. Аризани ўрганиб чиқиш учунмас, харажатларимиз қоплаб берилишини талаб қилиб ёзгандик.
Ҳурматли Элтуз жамоаси! Сиздан илтимос, бизга чет тиллар бўйича халқаро (C1) даражадаги сертификат олиш учун имтиҳонга сарфланган харажатларимизни қайтариб олишда ёрдам беришингизни сўраймиз.
💬
Telegram |📱
Facebook |
🐦
Twitter |📱
Instagram | ▶️
YouTube