Бир вақтлар "Молиявий пирамида" ҳақидаги мақолам КунУзда чиққан эди. Раҳматли Нуриддин Ҳайдаровнинг “Дўстим мени алдади” деган қўшиғи бўларди. Молиявий пирамида ташкилотчиларига баҳо берганда мана шу сатрларни бемалол айтиш мумкин. Молиявий пирамида айнан яқин қариндошларнинг, таниш билишларнинг ташвиқоти билан содда кишилар иштирокида ташкил этилади. Молиявий пирамидага одамларнинг тезроқ бойиш ва осон даромад олишга бўлган интилиши сабаб бўлади. Молиявий пирамидаларда аввалига мўмайгина маблағ тикишингиз зарурлиги айтилади, катта фоизлар ваъда қилинади, берган пулингиз тезда қайтишига ишонтирилади, даромад кўриш учун сиздан танишларингизни жалб қилишингиз сўралади, улар ҳам ўз маблағларини тикиши лозим бўлади. Молиявий пирамида пул маблағларини доимий равишда жалб қилиб турган ҳолда тузилма иштирокчиларини даромод билан таъминлаб туриш демакдир. Унинг бошқача номи сармоявий пирамида деб юритилади. Бунда биринчи иштирокчининг даромади иккинчи ва бошқа иштирокчиларнинг пул маблағлари ҳисобидан таъминланади. Бу даромадларнинг манбаи кўп ҳолларда кўрсатилмайди. Ёки сохта номлар билан декларация қилинади. Бу каби ҳолат фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Қоидага кўра молиявий пирамида ташкилотчилари мижозларга олам-олам ваъдалар беришади. Бироқ иштирокчиларнинг ҳаммасига ваъда қилинган пулларнинг қайтарилишининг имконияти йўқ. Одатга кўра, молиявий пирамидалар тижорат муассаси сифатида рўйхатдан ўтади ва қандайдир лойиҳани молиялаштириш баҳонасида маблағ тўплай бошлайди. Агар лойиҳанинг ҳақиқий даромади мижозларга берилган ваъдалардан кам бўлса, ёки умуман даромад кўрилмайдиган бўлса, у ҳолда сўнгги мижозларнинг маблағлари биринчи мижозларга берилади. Яъни, Алининг дўпписи Валига кийдирилади. Бунинг охир оқибати лойиҳанинг касодга учраши билан якунланади. Оддий сўз билан айтганда энг сўнгги аъзо бўлган мижозлар қўлларини бурунларига тиққанича қолади, яъни бир қўшиқдаги “билмам адашдим ё тўғри қилдим” деган сатрларни хиргойи қилиб юборганларини ўзлари билмай қолишади. Улар молиявий пирамидага киритган сармояларидан маҳрум бўлади. Чунки тўпланган маблағлар ликвид активларини сотиб олишга эмас, балки аввалги сармоядорларга пулларни қайтаришга сарфланади. Молиявий пирамида фаолият қанча узоқ давом этса, мижозларга пулларни қайтариш имкониятлари ҳам камайиб бораверади.
https://kun.uz/kr/news/2016/07/02/moliavij-piramida-nima-unga-sarmoa-kiritis-kerakmi