Бугун куним жуда яхши ўтди.
Дўстимиз Фаррух Жабборовнинг таклифи билан Янги Ўзбекистон университетида бўлиб ўтган “Тил ва Адабиёт таълими” журналининг махсус сони тақдимотида қатнашдим. Дўстлар, устозлар билан дилдан суҳбатлашиш имкони яратилганидан хурсандман.
Шундан сўнг мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида фаол ижодкор Тўлқин Эшбекнинг “Жадидлар жавҳари” китобининг “Турон” кутубхонасида ўтказилган тақдимотида иштирок этдим. Нафақат иштирок этдим, балки кутилмаганда даврага раислик қилиш каминага юклатилди. Юклатилган маъсулиятни уддаладим деб ўйлайман.
Менимча Тўлқин Эшбек янги китоби орқали замон билан ҳамнафас яшаб, ижод қилувчи қаламкаш эканлигини яна бир бор намойиш этгандек бўлди.
Тўпламдан ўрин олган “Абдулла Қодирий мангу мактаби”, “Жадидлар жавҳари” достонлари ҳамда “Маърифат элчилари”, “Жадидлар исёни”, “Жадидлар дорулфунуни”, “Биринчи муаллим”, “Жадидлар издоши”, “Аждодлар ва авлодлар”, “Бугуннинг жадидлари”, “Келиб кетма, билиб кет!” каби қатор шеърларини ўқиган киши жадидчиликнинг асл моҳиятини, қандай мард ва жасур сиймолар жадид бўлганликларини янада теранроқ англаб етади.
Муаллифнинг фикрича, жадид боболаримизнинг йўлчи юлдуздек ярқираган ҳаётбахш ғоялари, жаҳолатга қарши даъват ва саъй-ҳаракатлари юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга ҳамоҳангдир.
Тадбирда Тўлқин Эшбекнинг ҳозиржавоб ва сермаҳсул шоир, адиб, тадқиқотчи олим, тажрибали журналист-муаллим, янгиликка жуда ўч ижодкор экани устозлар Хуршид Дўстмуҳаммад, Сувон Мели, Қуддус Аъзам,Дадахон Ёқубов,Тўлқин Ҳайитлар томонидан эътироф этилди. “Жадидлар жавҳари”даги достонлар, шеърлар ва битикларда адибнинг изланишу ўрганиш, мушоҳада қилиш ва шоирона талқин этиш маҳорати акс этган.
Ойниса Бобонова, Носир Тоиров, Дилшод Ражабов, Хонбиби Ҳиммат қизи каби ижодкорлар муаллифни ва китобхонларни ўзбек адабиёти хазинасидан жой олишга муносиб китоб билан самимий қутладилар. “Жадидлар жавҳари” китобини мутолаа қилиш ҳар бир маърифатли инсон, айниқса ёшлар учун кони фойда экани қайта-қайта таъкидланди.
https://t.me/tnews247