Биласиз, ҳозирда ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама-баҳсларга сабаб бўлаётган мавзу, бу йўлларда автотранспортлар ҳаракатини назоратга олиш, тартибга солиш учун ўрнатилган радарлар эканлиги сир эмас. Худонинг берган куни турли ОАВ ҳамда интернетдаги сайту ботлардан тортиб, телеграмм каналларигача шундай мазмундаги постлар, видеохабарлар тарқалиб ётибди.
“ХХI asr” газетасида устоз Рўзимбой ҲАСАНнинг “РАДАРЛАР ва ХАТАРЛАР ОРАЛИFИДА кечаётган ҳаётимиз кафолатланганми?! “ деб номланган мақоласи берилган.
Айниқса, мактаблар ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари яқинидаги йўл бўйларига ўрнатилган радар камералар шу маънода инсон ҳаёти учун ғоят қадрли. Аҳли донишлар айтганидек, “Бу дунё бир гўдакнинг кўз ёшига арзимайди”.
Кунаро ижтимоий тармоқларда “Фалон йўлнинг фалон километрига яқинда радар ўрнатилди, эҳтиёт бўлинглар” қабилидаги ҳаволаларга кўзимиз тушади. Булар йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишни тарғиб этиш ёки ҳайдовчиларнинг бир-бирларини огоҳлантиришлари учун эмас, балки радарларга нисбатан нафрат уйғотиш мазмун ва оҳангида қўйилаётгани ачинарли.
Шу билан бирга, ушбу янгиликнинг ўзига хос бир қатор камчиликлари борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Ажабланарлиси, беш-олти кундан бери кузатаётган бўлсангиз, мамлакатимизда юзлаб ҳайдовчилар ўзларига бир йилча бурун содир этган қоидабузарликлар учун жарима қоғозлари келаётгани бўйича шов-шувлар кўтаришмоқда. Қизиқ томони, масъуллар шу вақтгача кузатилмаган бу ҳолат бўйича тушунтириш бериб, 366 кун, яъни бир йил олдин содир қилган қоидабузарлик учун юборилган хабар ҳаққоний бўлишини таъкидлашмоқда. Хўш, унда ҳайдовчининг жаримани муддатидан олдин 50 фоизлик чегирма билан тўлаш тартиби нима бўлади? Фуқаро судга мурожаат қилиши керакми ёки қайсидир масъулнинг хатоси сабаб юзлаб ҳайдовчилар вақтини суд маҳкамаларида ўтказишга мажбурми, деган савол ўртага чиқаётир.
Ижтимоий тармоқларда радарлар ҳақида салбий ҳаволаларга қарши фикр билдирганимда каминангиз шахсига нисбатан қатор ҳақоратлар ёғилгани ҳеч эсимдан чиқмайди. Айтмоғим-ёзганим шул: “Қирқ йилдан ошдики, енгил машина ҳайдайман, шу вақтгача бирор марта тезлик туфайли жаримага тортилмаганман. Тўрт ўғлим менинг номимда бўлган иккита енгил машинани ҳайдайди, туф-туф, ўтган икки йилда бирор марта радарга тушганликлари ҳақида хабар келмади, қойилмисиз?!”.
Демак, машина рулига ўтирар эканмиз, аввало ўзимиз ва оиламиз ҳамда йўловчилар ҳаётини ўйламоғимиз керак. Йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга кўникмани айнан рулга ўтирган вақтда шууримизга қўйишимиз лозим. Акс ҳолда, кимларнингдир (ва сизнинг ҳам) ҳаётингизни сақлайдиган радарларни сўкишдан бошингиз чиқмайди.
Яратган эгамнинг “Сақланганни сақлайман!” деган ваъдасиям бор, унутманг-а!
https://t.me/tnews247