Андижон вилояти Пахтаобод тумани 19-мактабда ўқитувчиларга нисбатан босим, ҳақорат ва мажбурий йиғимлар кундалик ҳолатга айлангани ҳақида Элтуз таҳририятига мурожаат қилинди.
Мурожаатчининг сўзларига кўра, мактаб директори Ғанижон Мадумаров неча йиллардан бери мактабни “шахсий мулкидек” бошқариб, ўқитувчиларни мунтазам ҳақорат қилиб келмоқда. Ҳар қандай эътироз эса таҳдидга рўбарў бўлмоқда.
"Мен билан олишма, мен билан олишганлар қабристонда ётибди," дейди директор унга эътироз билдирганларга жавобан. Ғанижон Мадумаровга, шунингдек, ўқитувчиларни "паст", “ҳайвон” каби нафсонатга тегувчи номлар билан одатий ҳолга айланган.
Мурожаатда айтилишича, мактабда турли баҳоналар билан мажбурий пул йиғимлари амалга оширилади ва бефойда мажлислар туфайли дарслар кўп пайтларда ўтмай қолади.
Шу билан бирга, мактаб бошқаруви “оилавий монархия” тамойили асосида ташкил этилган. Директорнинг қудаси Хомидов Илҳомжон — мактаб завучи, жияни эса мактаб психологи лавозимини эгаллаб келмоқда. Аммо, мурожаатга кўра, психологнинг асосий вазифаси — ўқитувчилар ҳақида маълумот тўплашдир.
Директор ўзининг юқори лавозимда ишлайдиган қариндошлари билан фахрланиб, мана шу ҳимоя орқали ўқитувчиларни ҳақорат қилиши ва босим ўтказишини очиқ тан олади, дейилади шикоятда.
Элтуз таҳририяти мазкур ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлардан расмий муносабат кутади.
💬
Telegram |📱
Facebook |
🐦
Twitter |📱
Instagram | ▶️
YouTube