ҒИЖДУВОНДА ҲИЖОБ ҚАТАҒОН ҚИЛИНМОҚДА: 26-МАКТАБ ДИРЕКТОРИ ҚОНУНДАН УСТУНМИ?
Ассалому алайкум, ҳурматли Элтуз!
Биз, Бухоро вилояти Ғиждувон тумани 26-мактабда ўқувчи қизларнинг ота-оналари, жон-у дилимиздан ранжиб, сизга мурожаат қиляпмиз. Чунки мактабимиз директори Умид Ражабовнинг қилмоқдаги ишлари аслида қонунни поймол қилиш, Конституцияни менсимаслик ва инсон ҳуқуқларини топташдан бошқа нарса эмас.
Мазкур директор, гўёки замонавийлик ва тартиб ниқоби остида, қизларимизнинг виждон эркинлигига тажовуз қилмоқда. Бизнинг қизларимизни 2-3 марта кабинетга чақириб, мажбуран ҳижобини ечтиришга уринибди. Бу камлик қилгандай, мактаб йиғилишида барча ҳижобли қизларнинг ота-оналарини чақиртириб, "қизларингиз мактабга рўмолсиз келсин" деб талаб қилаётган экан.
Бу ҳам етарли бўлмагандай, синф раҳбарларига огоҳлантириш хатларини тарқатиб, бечора устозларни қишлоқма-қишлоқ, уйма-уй юритиб, ота-оналарни қўрқитишга мажбур қиляпти.
Нима бўлди? Энди қизларимиз мактабга бормаслиги керакми? Виждон эркинлиги қаерда қолди?
Ҳурматли мутасаддилар!
Конституциямизнинг 31-моддасида аниқ ёзилган: Ҳар бир инсоннинг виждон эркинлиги кафолатланади.
Энди савол туғилади: 26-мактаб директори Умид Ражабов Ўзбекистон қонунларидан устунми? У киши бу қатағонга қайси ҳуқуқ асосида буюруқ бераётганини изоҳлаб берсин!
Биз ота-оналар бир нарсани талаб қиламиз:
Қизларимизнинг кийиниш тарзига дахл қилиш, диний эркинликларини чеклаш каби хатти-ҳаракатларга зудлик билан чора кўрилсин!
Мактаб — бу таълим маскани, қатағон ва камситиш майдони эмас! Виждон эркинлиги ва инсон қадри ҳар қандай ички тартибдан юқори туради!
Вилоят таълим бўлими, халқ таълими вазирлиги, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари — ҳимоя қилинг бизларни! Биз қонунга бўйсунамиз, лекин қонунни менсимайдиган раҳбарларга қарши турамиз!
Шу муносабат билан, биз бу масалани кенг жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқишга мажбурмиз. Бизнинг сукутимиз эртага фарзандларимизнинг ҳуқуқсизлигига айланмаслиги керак.
💬
Telegram |📱
Facebook |
🐦
Twitter |📱
Instagram | ▶️
YouTube