МОСКВАДАН ҚЎРҚҚАН ҲОЛДА МУСТАҚИЛ СИЁСАТ ЮРИТИШ МУМКИНМИ?
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқандда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Европа Иттифоқини кескин танқид қилди ва Ғарбни Марказий Осиёда ҳукмронлик ўрнатишга уринишда айблади.
Лавровнинг таъкидлашича, Россия бундай геосиёсий ҳаракатларга мутлақо қарши. Унга кўра, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликда "антироссия" кайфияти очиқ-ойдин намоён бўлмоқда.
Айниқса, Брюсселдаги Европа Комиссияси раҳбарияти ўз кун тартибини минтақада фаол илгари сурмоқда. Улар фақат ўзаро манфаат ҳақида эмас, балки ўз таъсирини кучайтириш ҳақида ўйлаяпти,
— деди Лавров.
Унинг фикрича, Ғарб давлатлари чегара, статистика ва божхона каби соҳаларга маблағ ажратиш орқали Марказий Осиё давлатларининг ички ишларига таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Лавров буни "мафкуравий элементлар" воситасида минтақада ҳукмронлик ўрнатишга уриниш деб баҳолади.
Сергей Лавровнинг бу баёноти — оддий дипломатик чиқиш эмас, балки Марказий Осиё давлатларига азалдан таниш "эслатма" бўлди:
Қадамларингни ўйлаб босларинг.
Европа Иттифоқининг минтақадаги фаолиятини "ҳукмронликка уриниш" деб аташ билан Россия ўз таъсир доирасини сақлаб қолиш ниятида эканини яна бир бор эслатаяпти.
Масала шундаки, Марказий Осиё ҳукуматлари бугун ҳақиқатан ҳам кўп векторли сиёсат юритишга интилаяпти. Улар Россия билан ҳам, Ғарб, Хитой, Туркия ва бошқа мамлакатлар билан ҳам алоқаларини мувозанатлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Лекин Лавровнинг ҳар бир баёноти ортида битта аниқ сигнал бор: Москва ҳали ҳам минтақага "ўз орқа ҳовлиси"дек қарайди ва ҳар қандай мустақил қадамни шубҳа билан қарши олади.
Марказий Осиё ҳукуматлари бундан хабардор. Шу сабабдан Россиянинг жиғига тегмаслик учун улар ҳар доим "дўстлик", "иттифоқчилик", "яқин қўшничилик" каби дипломатик ибораларни қўллайдилар. Амалда эса Москвадан чўчиб, катта сиёсий қарорларда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишади.
Ҳақиқат шуки, минтақа давлатлари тўлиқ мустақил ташқи сиёсат юритиш имкониятига эга бўлиши учун ҳали иқтисодий ва хавфсизлик соҳасида жиддий ислоҳотлар ўтказишлари керак. Энергия, меҳнат миграцияси, ҳарбий ҳамкорлик ва инфратузилма жиҳатидан Россияга бўлган қарамлик ҳали ҳам уларнинг қадамларини секинлаштирмоқда.
Лавровнинг "ички ишларга аралашишга қарши чиқяпмиз" деган гапи эса ҳақиқий парадокс. Чунки айнан Россия охирги 30 йил давомида Марказий Осиё давлатларининг ташқи ва ҳатто ички сиёсатини назорат қилиб келади. Ғарб минтақада конструктив ҳамкорлик таклиф қилаётган бир пайтда, бундан қўрқиш — бу Кремлнинг ўз империалистик мавқеини йўқотишдан хавотиридир.
Марказий Осиё ҳукуматлари, албатта, буни яхши билишади. Улар дипломатия тилида Кремлнинг кўнглини олишга уринсалар ҳам, тор сиёсий доираларда "қачон ва қандай қилиб Россия таъсиридан чиқиш мумкин?" деган савол кун тартибидан тушмайди.
Марказий Осиё давлатлари ҳақиқатан ҳам мустақил қарор қабул қилишга тайёрми? Ёки ҳали ҳам "ким нима дейди?" деган хавотир уларнинг сиёсий иродасига таъсир кўрсатмоқдами.
Лавровнинг баёноти — бу Москва сиёсатидаги анъана. Лекин вақт ўтмоқда. Ҳар бир давлат ўз манфаатларини ҳимоя қилишни ўрганиши керак. Мустақиллик декларацияларда эмас, амалий қарорларда намоён бўлади. Марказий Осиё давлатлари учун танлов аниқ: Ё Россиянинг "қош қовоғи"га қараб яшаш, ёки кўп векторли ва мустақил сиёсатга қадам қўйиш.
Ҳар бир кечиктирилган қарор, афсуски, Москва учун қулайлик яратаверади.
(Элтуз таҳлилчиси Даврон Қурбонов)
💬
Telegram |📱
Facebook |
🐦
Twitter |📱
Instagram | ▶️
YouTube