ЎЗБЕКИСТОНГА ЙЎЛ КЎРСАТИШ ДАВРИ ТУГАДИ, ЖАНОБ ЛАВРОВ!
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Самарқанддаги «Мотамсаро она» ёдгорлигида рус тилидаги ёзув йўқлиги борасида билдирган эътирози нафақат номувофиқ, балки давлатлар ўртасидаги тенг ҳуқуқлилик принципларига зиддир.
Аввало, қайд этиш жоизки, ҳар бир суверен давлат ўз ҳудудидаги ёдгорликларда қайси тилда ёзув жойлаштиришни мустақил ҳал қилади. Ўзбекистон Республикаси давлат тили — ўзбек тили, шу билан бирга, туризм ва халқаро алоқаларни ривожлантириш мақсадида кўп жойларда инглиз тилидан фойдаланилиши ҳам табиий ҳолатдир.
Савол туғилади: Қачондан бери Россия Ўзбекистонга қандай тилда ёдгорлик ёзувларини қўйишни талаб қиладиган даражада ўзини ҳақли деб ҳисоблайди?
Сергей Лавровнинг «инглизлар бу ерга қандай келиб қолди?» деган ҳайрати эса умуман тушунарсиз. Замонавий дунёда инглиз тили — халқаро тил сифатида туризм, дипломатия ва маданий алоқаларнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шунинг учун Самарқанд каби тарихий ва сайёҳлик марказида инглиз тилидаги ёзувлар борлиги — дунё тажрибасидан далолат.
Энг муҳими, Ўзбекистон ҳеч бир давлатга, жумладан Россияга, ўз ёдгорликларида қайси тилдан фойдаланиш бўйича ҳисобот бериши шарт эмас. Бир пайтлар мустамлака сиёсати олиб борган давлат бугун ҳам ўша талабчанликни қайта жонлантиришга уринса, бу асоссиз даъво ва ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.
Агар ҳақиқий ҳурмат ҳақида гапирадиган бўлсак, унда Россия расмийлари авваламбор Ўзбекистоннинг миллий қадриятлари, давлат тили ва ички ишларига дахлдор масалаларга эҳтиром билан ёндашишни ўрганиши лозим.
Шунингдек, рус тили Ўзбекистонда ҳеч қачон тақиқланмаган ва миллионлаб фуқаролар уни билишади. Аммо бу ҳолат Россияга қайси ёдгорликда рус тилида ёзув бўлиши ёки бўлмаслигини белгилаш ҳуқуқини бермайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Сергей Лавровнинг бу каби баёнотлари дипломатик этикетдан йироқ бўлиб, мустақил давлатнинг ички ишларига бефойда ва ноўрин аралашишга уринишдир. Ўзбекистон ўз миллий сиёсатини ўзи белгилайди ва бу масалада ҳеч кимга ҳисоб бермайди!
💬
Telegram |📱
Facebook |
🐦
Twitter |📱
Instagram | ▶️
YouTube