⚫️ ЭЙ, АПРЕЛ...
Эй апрел, чорла бугун ёлғон базмига
Жинларинг, ёсуман, алвастиларинг,
Жаллоду, иблису, аласчиларинг,
Кўзбойлоқ, тузоқчи, қафасчиларинг...
Юлдузларни ўйиб осмон нақшидан
Ёсуман, ўрнига кўзларим қоқсин.
Алвасти қуёшни чалсин дойрадай,
Тунни кунга ювиб чимилдиқ тақсин.
Эй апрел, ёлғоннинг тўйини қиздир,
Кўзбойлоқ, денгизни келтирсин алдаб.
Ҳовучлаб тўлдирсин қирқта қозонга
Ўчоққа ўт ёқсин суягим қалаб.
Эчкилар маърашин тўёна учун
Жинларинг қирлардан тушсин елкалаб.
Қалдирғоч тушларин аврасин шамол,
Баҳорим пойига тўксин эркалаб.
Эй апрел, тўй қилсанг тўйдай бўлсин-да,
Ойнинг қошларини терсин аласчи.
Нурига юрагим қонларини сурт,
Кўйлак тикиб берсин унга атласчи.
Сочининг ҳидини жингалак қилсин,
Қафасчи, бошига тақсин тиллақош.
Лабига исмимни ёзсин қонатмай,
Тақдир сурат чизсин, тирноқ битиктош.
Эй апрел, шайтон ҳам рақс тушсин майли,
Ой чорлаб ҳомила қилсин қўшиқдан.
Жаллодинг болтасин чалсин рубобдай,
Бехато зарб урсин, бўйним қошиқдай.
Ой шодон йўл олсин янги маконга,
Базмингни тугатгин, лашкаринг чақир.
Очиқ кўзларимни тикишдан аввал
Ҳаммаси ёлғон де, ёлғон деб бақир.
Эй, апрел...
Эҳ, апрел...
➡️
Азиз САИД