ПАРЛАМЕНТЛАРАРО ИТТИФОҚ АССАМБЛЕЯСИ: ЯНГИ ДАВР, ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР
Парламентлараро Иттифоқ (Inter-Parliamentary Union) – дунёдаги миллий парламентларни бирлаштирувчи нуфузли халқаро ташкилотлардан бири бўлиб, у 1889 йили Уильям Рандал Кример ва Фредерик Пасси томонидан ташкил этилган. Бу ташкилот сиёсий муҳокамалар учун хизмат қиладиган илк халқаро парламент платформаси ҳисобланади.
Штаб-квартираси дастлаб Берн шаҳрида жойлашган бўлиб, кейинчалик Брюссель, Осло ва Женевага кўчирилган. Ҳозирги кунда ташкилот Женевада фаолият юритиб келмоқда. Дастлаб алоҳида депутатлар аъзо бўлган бўлса, кейинчалик аъзолик бутун парламентларга берила бошлади. Ҳозирда Парламентлараро Иттифоқ 180 дан ортиқ давлатнинг парламентларини бирлаштиради.
Ўзбекистон 1992 йили ушбу ташкилотга аъзо бўлган ва 2017 йил 13 октябрда ўз аъзолигини қайта тиклаган.
Парламентлараро Иттифоқнинг энг муҳим органи Ассамблея ҳисобланади. У йилига икки марта – баҳор ва куз фаслларида аъзо давлатлардан бирининг пойтахтида ўтказилади.
2025 йили Ўзбекистон Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясига мезбонлик қилади. Бу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бўлиб, 2025 йилда Тошкент шаҳрида мазкур анжуман ўтказилиши ҳақида келишув Швейцариянинг Женева шаҳрида имзоланди.
5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Марказий Осиё тарихида илк бор Парламентлараро Иттифоқнинг юбилей Ассамблеяси ўтказилади.
Ҳозирги мураккаб геосиёсий шароитда миллий манфаатларни халқаро майдонда самарали илгари суриш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати мамлакатни халқаро парламент мулоқоти марказларидан бирига айлантирмоқда. Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг илк бор Марказий Осиёда – Ўзбекистонда ўтказилиши демократик ислоҳотлар ва парламентаризм ривожини халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганидан далолатдир.
Анжуманда 180 давлат, 15 та кузатувчи давлат ва 25 дан ортиқ халқаро ва парламентлараро ташкилотлардан 2000 га яқин делегат иштирок этиши кутилмоқда.
2025 йилги юбилей Ассамблеяси "Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати" мавзусида ўтказилади.
Иштирокчилар қатор йўналишларда муҳокамалар олиб борадилар. Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш; қонун устуворлигини таъминлаш; инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; гендер тенгликни таъминлаш; илм-фан, технологияни ривожлантириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби долзарб масалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Ассамблея якунида Парламентлараро Иттифоқнинг резолюциялари ва Тошкент декларацияси қабул қилинади.
Жаҳон парламентларининг энг нуфузли ташкилоти бўлмиш Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг Ўзбекистонда ўтказилиши янги даврда мамлакатимиз учун муҳим сиёсий ва дипломатик имкониятларни яратади. Бу воқеа Олий Мажлиснинг халқаро обрўсини оширишда катта аҳамият касб этиб, миллий қонун ижодкорлиги тажрибасининг жаҳон ҳамжамияти томонидан ўрганилиши ва парламент дипломатиясининг амалий ҳаракатга айланганини кўрсатади.
Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясини ўтказиш нафақат Ўзбекистон парламентининг халқаро миқёсда эътироф этилиши, балки минтақавий ва глобал миқёсда сиёсий мулоқотни кучайтиришга хизмат қилади.
С.Ш.Утемуратова Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
📱
Telegram 📱
Instagram 📱
facebook