Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев Жиззахлик ёшлар ва хорижда таҳсил олаётган бир гуруҳ ёшлар билан мулоқот ўтказди
Учрашув аввалида Жиззах вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси раҳбари 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил режалари юзасидан тақдимот қилди.
Шундан сўнг, вилоят ҳокими ва ёшлар ўртасида очиқ ва самимий мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашув давомида ёшлар таълим, бандлик, тадбиркорлик, спорт ва ижодий лойиҳаларга оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Тадбирда ёшларнинг долзарб муаммолари ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлари тингланди.
Ишга жойлашиш, стартапларни қўллаб-қувватлаш, спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва ижтимоий лойиҳаларга кўмак бериш каби масалалар муҳокама марказида бўлди.
Ҳоким ёшларнинг таклифларини қўллаб-қувватлаб, айрим муаммоларни жойида ҳал қилишга ваъда берди. Шунингдек, янги ташаббусларни амалга ошириш учун махсус ишчи гуруҳ тузилиши белгиланди.
Сўнгги йилларда давлат раҳбари ташаббуси билан ёшлар сиёсати янги тизим асосида шакллантирилмоқда. Жорий йил бошида маҳалла ёшлар етакчилари орқали 14-30 ёшдаги 341 793 нафар ёшларни қамраб олган "Ёшлар баланси" шакллантирилди.
Унга асосан, ёшларнинг мавжуд муаммолари, қизиқишлари ва иқтидорларидан келиб чиқиб, қуйидаги йўналишлар бўйича тизимли ишлар олиб борилади:
Бандлик: 2025 йилда 11 912 нафар ишсиз ёшлар ва меҳнат бозорига кириб келаётган битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида "Ёшлар бандлик дастурлари" ишлаб чиқилади.
Хориждаги ёшлар: Хатлов натижасида 9 011 нафар хориждаги ёшлар рўйхати шакллантирилди, шундан 8 089 нафари ишлаш учун, 853 нафари ўқиш учун, 69 нафари эса даволаниш ва бошқа сабабларга кўра чет элда бўлиб турибди. Йил якунига қадар 1 509 нафар ёшнинг Ватанга қайтиши ва бандлиги таъминланиши режалаштирилган.
2024 йилда "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида 500 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этган бўлса, жорий йилда бу рақамни 750 мингга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, "Ibrat Academy", "UzChess", "Mutola" платформалари ва бошқа таълимий лойиҳалар орқали 264 162 нафар ёш қамраб олинади.
2024 йилда халқаро имтиҳон харажатлари учун 997 нафар ёшга компенсация тўлаб берилган. Жорий йилда эса маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 1 200 нафар ёшга бепул хорижий тиллар ўргатиш режалаштирилган.
"Жиззаx тажрибаси" сифатида ташкил этилган "Жасорат мактаби" лойиҳасига 500 нафар, "Шунқорлар" ҳарбий-ватанпарварлик спартакиадасига 53 минг нафар, ҳуқуқий ва сиёсий саводхонликни ошириш бўйича тадбирларга 94 минг нафар ёш жалб этилади.
Шунингдек, вилоят ҳокими хорижда таҳсил олаётган Жиззахлик ёшлар билан онлайн мулоқот ўтказди. Суҳбат давомида уларнинг таълим ва фаолиятга оид саволлари тингланиб, таклифларини амалга ошириш юзасидан таклифлар берилди.
Бундай учрашувлар ёшларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини ошириш, шунингдек, муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.
🇺🇿Каналга уланиш:
@jizzaxviloyatihokimi