АРИПОВ ЯРАТГАН ХАЛҚНИ СЎРИШ СХЕМАСИ
(Минглаб одамлар машина олмоқчи, ҳукумат эса тўсиқ яратмоқда)
Ўзбекистонда “техник хавфсизлик” ниқоби остида яна бир пул сўриш схемаси Швейцария соатидай хатосиз ишламоқда. Схема муаллифи — Ўзавтосаноат раиси Улуғбек Рўзиқулов, уни дастаклаган эса - Бош вазир Абдулла Ариповнинг шахсан ўзи.
Схема жуда оддий - 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб, четдан шахсий эҳтиёж учун олиб кириладиган ҳар қандай машина, ҳатто йилига бир марта олинса ҳам, Пскентдаги “УзТест” автополигонида синовдан ўтиши шарт қилиб қўйилган.
Синов арзон эмас. Илгари 2,5 млн сўмга тушарди, энди эса 6 млн сўм. Электромобил бўлса, 6,2 млн сўм. Бунинг устига, машинани божхона омборидан Пскентга фақат эвакуатор ёки трейлерда олиб боришга рухсат берилади. Албатта, харидор ҳисобига.
Нега? Расмийлар “хавфсизлик талаблари” дейишяпти. Лекин аслида бу — Ўзбекистондаги BYD, KIA ва бошқа “сборкачи” заводларга сунъий йўллар билан қулайликлар яратиш.
Ўзбекистондаги «завод» дегани — 4 та балонни улайди, логотип қўяди, шу билан “маҳаллий ишлаб чиқариш” номини олади. Аслида барча жиҳозлар ишлаб чиқарилувчи давлатнинг ўзидан арзон гаровга олиб келинади.
Хорижда бу машина 10 минг доллар турса, бизда камида 50 фоиз қиммат. Шунинг учун халқ импортга қизиқади. Лекин ҳукумат машина харидорларини маҳаллий машиналарни сотиб олишга мажбурламоқда. Танлов йўқ. Рози бўлмаганлар божхона тўловини тўлайди, синовдан ўтади ва камига «утилсбор»га тўлайди.
Пскентдаги “УзТест” лабораторияси ойига атиги 500 машина текшира олади. Ваҳоланки, Ўзбекистонга ҳар ой 3–4 минг автомобил олиб кирилади. Синовдан ўтмаганлар-чи? Навбат, асаб ва коррупция. Албатта, қўшимча тўловлар.
Бу схема ким учун ишламоқда? Жавоб очиқ: BYD ва KIA импорт рақобатини кўтара олмаётгани учун, ҳукумат уларни “бозорда сақлаш” мақсадида халқни қурбон қиляпти. Эркин харидга йўл эмас, тўсиқлар яратилмоқда.
Энг ёмони – бу схема расмийлаштирилган. “УзТест” ойига 3–4 миллиард сўм йиғаяпти.
Бу пуллар халқ манфаати, транспорт хавфсизлиги ёки тест жараёнларини яхшилашга эмас, аслида 11,8 миллион долларлик ташқи қарзларни тўлашга кетаяпти.
Ушбу қарз: 8 миллион доллар – Жаҳон банкидан, 3,8 миллион доллар – Чехиянинг UniCreditBankидан олинган.
Тўланиши керак бўлган ойлик сумма — тахминан 2 миллиард сўм.
Яъни, бугун четдан авто олиб келмоқчи бўлган ҳар бир фуқаро тўлаётган 6 миллион сўмлик “тест” тўлови орқали давлат қарзини қоплаяпти. Ҳеч қандай шаффоф ахборотсиз, аҳоли розилигисиз, “тест” ниқоби остида ҳукумат олган кредитлар одамларнинг чўнтагидан тўланяпти.
Бу шунчаки бюрократик тўлов эмас — бу давлат аппарати томонидан расман ташкил этилган иқтисодий шантаж. Бундай тизим “давлат хизмати” эмас, халқ ҳисобидан қисман хусусий манфаатни қоплаш механизмидир.
Буларнинг бошида ким турибди деб ўйлайсиз? Кимам бўларди, албатта, Бош вазир Абдулла Арипов. У бу қарорни фақат имзолаб қолмади — уни шахсан назорат қилди. Натижада, у ҳукумат раҳбари эмас, монополиялар менежери каби кўриняпти. Халқнинг эмас, қўштироқ ичидаги «маҳаллий заводлар» эгаларини ҳимоя қиляпти. Озод бозорни эмас, ўз таниш-билишларини.
Ҳар ой юзлаб одамлар арзон ва ишончли машинани олиб келиш умидида навбатда турибди. Уларда эркин танлов йўқ.
“Бу хавфсизлик учун”, “бу стандарт”, “бу маҳаллий автосаноатни ривожлантириш” учун деган баланпарвоз гаплар билан халқни қулоғига лағмон илишяпти.
Аммо ҳақиқат шундаки, агар ҳукумат сизни қаердан, қанчага ва нимани харид қилишингизга аралашса — бу бозор эмас, бу диктатура.
Бу диктатура эса божхонада бошланмаяпти. Бу — юқорида Абдулла Арипов кабинетида бошланяпти.
💬
Telegram |📱
Facebook |
🐦
Twitter |📱
Instagram | ▶️
YouTube