Ўзбекистон туризми: Янги босқичга қадам.
2025 йил 9 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва инвестиция масалаларига бағишланган йиғилишда мамлакатнинг ушбу соҳадаги устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон туризми жиддий ўсишни бошдан кечирмоқда. Туризм экспорти 3,5 миллиард долларга етди, 10 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди. Меҳмонхона ўринлари 130 мингдан ошди, яна 30 минг ўрин қўшилиши режалаштирилган.
Президент ҳудудий туризмни ривожлантиришни алоҳида таъкидлаб, ҳар бир туманнинг салоҳиятига мос равишда этно, агро, тиббий, қишки ва зиёрат туризмига ихтисослаштиришни буюрди. Масалан, Сариосиё тумани қишки туризм учун катта имкониятларга эга бўлиб, 200 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиши мумкин.
Турфирмалар учун рухсатномаларни 10 кунда олиш имкони яратилади. Электрон виза, чипта, ва кириш-чиқишни ҳисоблайдиган ягона туристик карта жорий этилади. Маданий мерос объектларини ижарага бериш фаоллаштирилади — жорий йилда 400 та объект тадбиркорларга топширилади.
Туризмни тарғиб қилиш халқаро миқёсда ҳам кучаймоқда — BBC, Euronews каби платформалар орқали реклама ишлари амалга оширилаяпти. Польша ва Хитойдан келаётган сайёҳлар сони бир неча баравар ошди. Саёҳатчилар оқимини янада кенгайтириш учун 30 кунлик визасиз режим, янги авиақатновлар ва “Умра плюс” дастури йўлга қўйилмоқда.
Инфратузилма билан бирга кадрлар тайёрлашга ҳам эътибор қаратилмоқда — 500 нафар талаба хорижда туризм бўйича амалиёт ўтайди. Ёшлар учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” лойиҳаси йўлга қўйилиб, ҳар ой “оилавий саёҳат кунлари” белгиланди.
Президент йиғилишда жорий йилда 15 миллион туристни жалб этиш, 4 миллиард долларлик экспортга эришиш ва 50 минг янги иш ўрни яратиш вазифасини қўйди. Халқаро форумлар, инвесторлар кунлари, IPO ва евробонд орқали сармоя жалб қилиш ишлари ҳам шу мақсадларга хизмат қилади.
Умуман олганда, туризм Ўзбекистон иқтисодиётининг драйвер соҳасига айланиб бормоқда. Бу жараёнда давлат, хусусий сектор ва жамоатчилик биргаликда ишлаши ҳал қилувчи аҳамият касб этади.