Музқаймоқ
Дилим хун бўлиб йўл четидаги скамейкада ўтиргандим. Қаёқдандир бир аёл чамаси беш ёшлардаги ўғилчасини етаклаб келди. Болакайни скамейканинг нарига четига ўтказиб қўлига музқаймоқ тутди, ва "Чиққунимча шу ерда ўтир", деб тайинлади-да ўзи йўлнинг у тарафидаги суд биноси томон кетди. Болакай бутун борлиқни унутган куйи музқаймоқни мароқ билан яларди.
- Музқаймоқни яхши кўрасанми? - болакайни саволга тутдим.
- Ҳа! - қисқагина жавоб берди у.
- Шошмай евер, томоғинг оғриб қолади.
- Хўп! - деди-ю, менга бир қараб қўйди.
- Музқаймоқни кўп ейсанми? - зерикканимдан болакайни яна саволга тутдим.
- Йўқ! - яна қисқагина жавоб!
Шундан сўнг болакайга ҳалал бергим келмади. Бироқ зум ўтмай у гапига қўшимча қилгандай:
- Музқаймоқ олиш учун пул керак-ку, - деди.
Алланималарнидир тушунгандай бўлдим, индамадим, бироқ жим ҳам туролмадим.
- Кўп пулинг бўлса нима қилардинг?
- Кўп музқаймоқ олардим. - қўлидаги музқаймоқни авайлаб яларкан жавоб берди у.
- Жуда кўп пулинг бўлсачи?
- Жуда кўп музқаймоқ олардим, машинча, - қулочини ёзиб кўрсатди.
- Жудаям кўп пулинг бўлсачи?
- Бир қопми? - болакай кўзларини жовдиратиб менга қаради.
- Ҳа, бир қоп пулинг бўлса?
Болакай бу саволга жавоб беролмади, ўйланиб қолди. Музқаймоқ берсангиз дунёларча қувонадиган болакай. Уни шунчаки музқаймоқ билан бахтиёр этиш мумкин. Катталарничи, баъзан уларнинг нафси шунчалик ҳакалак отадики, бутун дунёни ютиб юборсалар ҳам яна камдай.
- Ойингни кўпроқ яхши кўрасанми, музқаймоқними? - болакайни яна саволга тутдим.
У бир менга, бир қўлидаги музқаймоққа қараб қўйгач:
- Ойимни, - деб жавоб берди.
Бирдан ҳалиги аёл (болакайнинг онаси) пайдо бўлди. У гоҳ йўлнинг у томонга, гоҳ бу томонига қарар, хуноби ортиб ўзига бир нималар деб қўярди. Шу пайт болакай "Ая яна музқаймоқ олиб беринг" деди.
- Музқаймоқ? - Ҳалиги аёлнинг бирдан жазаваси тутди.
- Катта холангнинг пулига олиб бераманми сенларга ҳадеб музқаймоқни? Ўзи анави аблаҳ отанг алиментни тўламаган бўлса... Устингни нима қилдинг? (болакайнинг кийимига бир икки томчи музқаймоқ томган экан) эшак, сенларга янги кийим олишга ҳадеб пул қаерда? Сен ҳам дадангдан баттар овсар бўласан. Мен сенга устингни кир қилмагин дегандим-а... Болакайнинг кўзларида ёш пайдо бўлди. Шу пайт ҳалиги аёл ўғилчасини билагидан ушлаб салтаркан ўшқирди:
- Кўчада йиғласанг, унга боргач биласан-а нима қилишимни? Болакайнинг кўзига жиққа ёш тўлган куйи турарди. Ҳозир портлайди, пиқиллиб йиғлаб юборади. Йўқ, болакай йиғламади, кўзларида жиққа ёш қотиб қолган, лаби буришган, ўзи эса йиғламаслик учун тишини тишига босиб олиб жим турарди. Чунки уйга боргач нима бўлишини яхши билади. Ҳайратда эдим, болакай бундай нохақликка, разолатга қарши туришда ўзида куч топа олганди. Назаримда хозир шу болакай дунёдаги энг кучли инсон эди. Ҳалига аёл ўғилчасини қўлидан шарт ушлади-ю, судраганча қаергадир шошиб кетди.
Ўйга толаман, юрагим тирналади. Нега ахир ота-онасининг қилган хатоси учун болалар жавоб бериши керак? Нега онанинг ўз боласига нисбатан ҳам меҳри қолмаган? Болакайнинг отаси қилган хиёнати сабаблими?! Одамлар нега бир-бирига хиёнат қилади? Нега энди биз душманимиздан кўра кўпроқ дўстимиздан озор кўришимиз керак? Бир покиза мурғак қалбини арзимаган нарсалар учун синдириш инсонга хосми? Биз севмай қўйдик. Инсонлар юрагидан юз ўгирдилар. Дунёнинг ҳар томонида бир разолат, ҳар қаричида бир ноҳақлик, ҳар бурчаги адолатсизликка тўла...
Сўнги кунларда ҳаётимда содир бўлган ноҳақликлар кўз ўнгимда жонланади. Думоғим ачишиб кетaди. Бироқ мен ўша болакайчалик кучли эмасдим!...
© Оқил Тўрaқул
@HIKOYANEW